Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 апрель-3 май кунлари Қатарда U23 Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтади. Унда 16 та терма жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда Осиё кубоги ва «Париж-2024» Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Мусобақада Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Д» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, унда Вьетнам, Қувайт ва Малайзия билан куч синашади.

Тимур Кападзе бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси айни кунларда БААда ўқув машғулот йиғинини ўтказмоқда. Жамоамиз йиғин доирасида Дубай шаҳридаги «Жебел Али» майдонида Хитой ёшлар терма жамоаси билан сўнгги назорат ўйинини ўтказди.

Ушбу баҳсда Жасур Жалолиддинов ва Иброҳим Ибрагимов каби иқтидорли футболчиларимиз урган голлар эвазига Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё кубогидаги илк учрашувини 17 апрель куни Малайзия терма жамоасига қарши ўтказади. Гуруҳ босқичидаги иккинчи ўйин эса 20 апрель куни Қувайтга қарши ўтади. Сўнгра, Ўзбекистон U23 терма жамоаси 23 апрель куни Вьетнам жамоасига қарши майдонга тушади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА