Бугун, 10 апрель куни Таиланднинг Пхукет шаҳрида 110 та давлатнинг 466 та оғир атлетикачиси иштирок этаётган жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Акбар Жўраев, Шарофиддин Амриддинов ва Турсуной Жабборова ўз иштирокини бошлайди.

Айтиш лозим, мазкур жаҳон кубоги баҳслари Франция пойтахтида ўтадиган Олимпиада ўйинларига рейтинг очколарни тақдим этади. «Париж-2024» ўйинларида оғир атлетикачилар учун 120 та ўрин ажратилгани беллашувлар муросасиз ўтишини, бу ҳар бир вазндаги курашлар ҳаддан ташқари муросасиз кечаётганини англатмоқда.

Ўтган Олимпия ўйинларида ажратилган квоталар ҳолатига эътибор қаратилса, Халқаро олимпия қўмитасининг тегишли қарори билан «Токио-2020» олимпиадасига 196 та, «Лондон-2012» ва «Рио-2016» ўйинларига оғир атлетика учун 260 та ўрин ажратилганди. «Париж-2024» га келиб, оғир атлетикачиларнинг 140 нафарга қисқаргани тўрт йиллик ўйинларнинг медаллари учун курашдан аввал, унинг иштирокчиси бўлиш йўлидаги «жанг» ғоятда кескин ўтишини таъминламоқда.

Халқаро оғир атлетика федерацияси эълон қилиб бораётган «Париж-2024» Олимпия рейтингининг сўнгги кўрсаткичларига кўра, қўшни Қозоғистон терма жамоаси тарихда илк бор оғир атлетика бўйича ёзги Олимпия ўйинларида иштирокчилар рўйхатидан анча ортда қолаётгани, шунингдек, Осиё, Европа, Америка қитъасининг кўплаб давлатлари белгиланган 5-6 та ўриндан бор-йўғи 1-2 нафар спортчи билан қатнашиш имкониятини сақлаб қолаётгани олимпиада оиласида оғир атлетика осмонида «қора булутлар» кезиб юрганини англатмоқда.

Бевосита Таиландда кечаётган баҳсларга тўхталадиган бўлсак, кеча Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар аъзоси жаҳон кубоги супачасида ўз омадини синаб кўрди.

-87 килограмм оғирликда медаллар учун кураш олиб борган Нигора Сувонова даст кўтаришда 95 кило тошни бўйсундириб 6-ўриндан жой олган бўлса, унинг силтаб кўтаришдаги натижаси 125 кг. билан тўртинчи, икки курашдаги ҳолати 220 килограмм тош билан билан 6-ўриндан жой олишига олиб келди. -81 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ригина Адашбаева 239 (107+132) кг. билан умумий ҳисобда жаҳоннинг энг кучли спортчилари орасида 24-поғонани банд этди.

Эслатиб ўтамиз, Таиландда якунига етиб бораётган жаҳон кубоги «Париж-2024» йўлидаги сўнгги саралаш рейтинг мусобақаси ҳисобланади. Баҳслар эртага поёнига етади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА