Мардлик, бағрикенглик, олийжаноблик, ҳалоллик тимсоли бўлган азалий қадриятимиз курашнинг халқаро майдондаги ривожида янги давр бошланмоқда.
Ҳар қандай муваффақият эътибор ва рағбат билан қўлга киритилади. Минг йиллар давомида халқимиз қалб ардоғида сайқалланиб келган курашнинг халқаро спорт мақомига эришиш йўли ҳам фидойилик, моддий ва маънавий рағбат ҳосили бўлди, дейиш мумкин. Бугун жаҳон спорт терминологиясида »Кураш», «Тўхта», «Ёнбош», «Гилам», «Ҳалол» каби қадриятимизга айланиб кетган сўзларнинг мустаҳкам ўрин олишида, Ватанимизнинг дунё халқлари орасида ўз ўрни борлигини кўрсатиб келаётганлигида курашнинг алоҳида ўрни бор, албатта. Зеро, миллий спортимиз бўйича турли мамлакатларда ўтказилаётган қитъавий чемпионатлар, турнирлар, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг маълум бир йўналишлари ўрнатилишида, мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан уч йил муқаддам давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институтининг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Бу эса курашнинг Осиё ўйинлари тизимидаги мавқейи мустаҳкамланишига, Халқаро кураш ассоциациясига аъзо 130 га яқин давлатлардаги миллий кураш федерациялари фаолияти жонланишига хизмат қилмоқда. Дунёнинг беш қитъаси бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун World Series Pro (WSP) турнирларнинг ташкил этилиши асносида ота-боболаримиздан мерос бўлган миллий ўйиннинг спорт тури сифатида умумжаҳон дурдонасига айлантириш ишлари жадаллик билан олиб борилиши таъминланмоқда.
Хўш, 2024 йил ўзбек кураши ривожида, уни халқаро майдонда оммалаштириш тизимида қандай ўрин тутади?
– Бу йил ҳам ўтган йиллардагидек халқаро мусобақаларга, турли кураш тадбирларига тиғиз йил бўлиши кутилмоқда. IKAнинг 2024 йилги тақвим режасига асосан йил давомида турли давлатларда 48 та спорт мусобақалари ва кураш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Шундан чемпионатлар ва турнирлар 15 та, мураббийлик ва ҳакамлик семинарлари 16 та, комплекс ўйинлар 3 та шунингдек, антидопинг бўйича WADA ва ITA 8 та семинарида курашнинг халқаро ривожи муҳокама қилиниши белгиланган. Жорий йилнинг илк ойларида Европада Италия кураш академияси ўз фаолиятини бошлагани, Таиланд, Коста-Рика, Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон, Туркия, Россия, Туркманистон, Таиланд каби давлатларда ички чемпионатлар ўтказилгани кураш бошқа мамлакатларда ҳам ўз ўрнини топиб бораётганини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи чораги ҳолатида AIMS, SportAccord, WADA тизимидаги йиғин ва тадбирларда курашни оммалаштириш, унинг оммалашган спорт турлари орасидаги ўрни борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилингани келгусидаги ишлар кўлами нечоғли залворли эканидан далолат. Ушбу тарихий ютуқларга эришишда давлатимизнинг, шахсан Президентимизнинг миллий спортимизга бераётган алоҳида эътибори курашнинг жаҳондаги тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Халқаро кураш ассоциацияси матбуот котиби Жамшид Намозов.
Шу ўринда яна бир янгилик хусусида тўхталиб ўтиш лозим. Маълумки, кураш бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати жорий йилнинг 11-15 июнь кунлари Бухорода ўтказилиши лозим эди. Бироқ мазкур саналарда Бухорода футзал бўйича ФИФА тизимидаги жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилиши сабабли кураш бўйича қитъа чемпионати Эроннинг Теҳрон шаҳрида ўтадиган бўлди. Мазкур Осиё биринчилиги Эроннинг дунёга машҳур «Озодий» стадионида ташкил этилиши режалаштирилганки, «кичик жаҳон чемпионати» мақомидаги кураш мусобақасининг илк бор Ўзбекистондан ташқарида муҳташам футбол стадионида бўлиши яккакураш спорт турлари тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз.
Худди шунингдек, Пан-Америка қитъавий чемпионатининг ҳам ўтказилиши санасида ўзгариш юз берди. Октябрь ойига белгиланган океан орти қитъа чемпионати 2-8 июль кунларига кўчирилган.Куни кеча Эрон пойтахтида катталар ўртасида ўтказилиши тасдиқланган XII Осиё чемпионати рамзи кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Курашнинг анъанавий кўк ва яшил ранглардан фойдаланилган рамзида икки курашчининг усул бажариш ҳолати акс эттирилган бўлиб, унда қадимий шарқ маданиятини, тарихини ўзида мужассам этган Теҳрондаги Буржи Милод телеминораси, Элбрус тоғ тизмасидаги энг улкан Дамаванд чўққисининг тасвирлари ўз ифодасини топган.
Шунингдек, шу йилнинг 12-13 апрель кунлари Дубай шаҳрида Халқаро кураш ассоциацияси бошқарув қўмитаси йиғилиши, 21-23 июнь кунлари Истанбулда Европа чемпионати ташкил этилиши, Россияда ўтадиган «Осиё болалари», Қозоғистонда ташкил этиладиган «Кўчманчи халқлар ўйинлари»да Ўзбекистон байроғидан жило олган спорт либосларида турли мамлакатларнинг спортчилари ўзбекона иборалар остида беллашиши миллий спортимизнинг халқаро майдондаги ривожига катта туртки бўлиши тайин.
Шунингдек, 21-30 ноябрь кунлари Таиланднинг Бангкок ва Чонбури шаҳарларида ёпиқ иншоотлар ва жанг санъатлари бўйича VI Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур катта спорт байрами дастуридан кураш спорти ҳам расман ўрин олган.
Сўнг сўз ўрнида айтиш жоиз, асрлар давомида талатўп давраларда, тўю сайлларда қонун-қоидасиз ўтказиб келинган курашнинг Ўзбекистоннинг мустақиллиги туфайли спорт тури сифатида ном қозонаётгани жонажон Ватанимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётгани билан қадрлидир.
2024 йилда дунё бўйлаб ташкил этилиши кутилаётган кураш мусобақалари, турнирлар, семинарлар ва турли тадбирлар келгусида миллий спортимизнинг қадди янада сарбаланд бўлишига хизмат қилиши лозимки, бу йўлдаги ишлар, саъй-ҳаракатлар айни мақсадларга қаратилгандир.
Т. Рўзиев, ЎзА