Амир Темур – нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият хомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсдир.

Қолаверса, Соҳибқирон бобомиз ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир.

Ҳозирги кунда дунёда Темур шахсига қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Темурнинг давлат бошқарувига оид фаолиятини акс эттирувчи адабиётлар кўпайиб, улар давлат хизматчиларига, ҳарбийларга ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Соҳибқирон таваллудининг 688 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Темур тузуклари”да давлат бошқаруви маданияти” мавзусидаги илмий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

Академия ректори Адҳам Бекмуродов Соҳибқироннинг давлат   бошқаруви маҳорати ҳақида сўз юритиб, Амир Темур шахси давлатчилигимизнинг моҳияти ва имкониятлари кўламини амалда юзага чиқариб берган ўзига хос феномен эканлигини таъкидлади.

Тарих фанлари доктори, профессор Шоҳиста Ўлжаева, Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари – Рустам Каримов, Миролим Қиличев, таниқли шоир Рустам Мусурмон ва бошқалар ҳам буюк бобокалонимиз ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: тузукларга шарҳлар» китоби инглиз, хитой, поляк тилларида катта тиражларда босилиб, Темур меросини дунёга тарқатаётгани тадбирда алоҳида таъкидланди.

Маълумки, Шоир Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмаси наинки китобхонлар ўртасида, балки театр арбоблари орасида ҳам қўлма-қўл бўлиб кетган. Шу сабабдан марҳум шоирнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Орипова «Соҳибқирон» достонида Амир Темур образи тараннуми, мазкур достоннинг яралиш тарихи ҳақида кўпчиликка ҳали нотаниш жиҳатларни айтиб ўтдики, бу йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида меҳмонларга тадбирда фаол иштирок этгани учун миннатдорчилик изҳор қилиниб, уларга эсдалик совғалари топширилди.

Н.Абдураимова, ЎзА