Мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш, айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратиш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, жойларда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи Бошқарув сервис компаниялари томонидан ҳудудларда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Соҳа фидойилари томонидан кўрсатилаётган эзгу ташаббус аҳоли кайфиятига ҳам, уларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатига ҳам ижобий таъсир ўтказмоқда.

– Бугунги кунда вилоятимиздаги 5 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар атрофига лойиҳа доирасида бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан ўттиз мингдан зиёд манзарали ва мевали, бутали дарахтлар экилди, – дейди Тошкент вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Собиров. –  Эътиборлиси, эндиликда ҳар бир дарахтнинг ўз эгаси, унинг униб-ўсиши учун масъул белгиланади. Шу маънода жойларда бошқарув ташкилотлари томонидан «Бир болага бир дарахт» мезони асосида кўп қаватли уйлар атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилмоқда.

– Айни вақтда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида фаолият юритувчи 14 та бошқарув сервис ташкилотлари бир ерга жам бўлди, – дейди Олмалиқ шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлим бошлиғи Илҳом Шокиров. – Мақсад – ҳудудларни уюшқоқлик асосида обод қилиш. «Бир болага бир дарахт» мезони асосида кўп қаватли уйлар атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилиб, бошқарув сервис компанияларининг боғи ташкил этилди. Икки ой давомида 700 дан зиёд дарахт кўчатлари экилди. Айтишадику, яхшидан боғ қолар деб. Бу савобли ишга ҳар бир ишчи ходим фаол иштирок этяпти. Юртимизни яшиллик билан янада обод ва кўркам қилиш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳар биримиз масъулмиз. Ушбу ҳақиқатни бирдамлик асосида қалбан англаган тақдиримиздагина экологик муҳитни барқарорлаштиришга эришамиз. Юртбошимиз кўзлаган бош мақсад ҳам шу аслида. Бугун она заминга қадаладиган ҳар бир кўчат эртага ўзимизнинг, фарзандларимизнинг яшилликдан, тоза ҳаводан тўйиниб яшашимиз кафолатидир.

Ана шу ҳақиқатни теран англаган ҳолда Тошкент вилояти қурилиш ва уй- жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ходимлари томонидан Оҳангарон туманидан 2 гектар ер майдонига 10 000 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Мазкур умуммиллий лойиҳа доирасида ўтказилаётган тадбирда бошқарма ишчи-ходимлари кўтаринки кайфиятда «Яшил макон»га ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА