9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Мўйноқ туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан 9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари “Silk Avia” компанияси томонидан янгидан ташкил этилган «Нукус–Мўйноқ» йўналиши бўйича “L-410” русумли самолётда Мўйноққа учиб борди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Мўйноқ туман кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари Мўйноқ туман кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари иштирок этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги билан муборакбод этди.
Мулоқот иштирокчиларига “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти, ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар, бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳамда янгидан қабул қилинаётган қонунларнинг мазмуни ва аҳамияти тушунтирилди.
Шунингдек, белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, бу борада депутатларнинг олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига янгидан қабул қилинган аъзоларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди ҳамда партия аъзоларининг таклифига биноан Мўйноқ тумани “Жайхун” маҳалла фуқаролар йиғинида партиянинг бошланғич партия ташкилоти тузилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири