Нукусдаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактабида қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили, буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган “Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан” деб номланган бадиий кеча бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Нукус шаҳар бўлими ташаббуси билан шоир номи билан аталадиган мактабда ўтказилган тадбирда фахрийлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Таъкидланганидек, Ажиниёз Қўсибой ўғли қорақалпоқ халқи маънавий дунёсининг бойишига катта ҳисса қўшган буюк шахсдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан шоир таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда нишонланадиган юбилейлар рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили, буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан тегишли идора ва ташкилотлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими, Ёзувчилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Ажиниёз асарлари билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари ўтказилмоқда.
Сўзга чиққанлар шоир ижодини кенг тарғиб этиш, унинг асарларини ўрганиш орқали китобхонларнинг маънавиятини янада бойитиш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир мактаб ўқувчилари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари