Бугунги глобаллашув замонида, тезкор даврда халқаро майдонда юз бераётган муҳим ва долзарб воқеалар ривожини ЎзАнинг “Халқаро дайжест” дастури орқали ҳавола этамиз.

Демак, ҳафтанинг энг муҳим хабарлари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Исроил Мудофаа вазирлигига кўра, Исроил Рафоҳга ҳужум қилиш мақсадида қўшинларини қайта жойлаштирган. Мудофаа вазири Йоав Галант қўшинларнинг Хон Юнусдан олиб чиқилиши жангнинг тугаши эмаслигини айтган. Сахал 7 апрель куни Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги миссиясини тугатганини эълон қилган эди. Аммо Исроил аскарларининг муҳим қисми Ғазода қолаётгани айтилмоқда.

Исроил Эрон консуллигига уюштирган зарбасидан кейин ҳамон Эрон жавобини кутмоқда. Хабарларга кўра, ҳар икки мамлакат қўшинлари шай ҳолатга келган. Тел-Авив асосан дрон ва ҳаво ҳужумига қарши тайёргарлик кўриб, Эроннинг ҳар қандай “сценарийсига” тайёрлигини билдирган.

Украинадаги зиддиятни 24 соатда тўхтатиши билан мақтанган Қўшма Штатларнинг собиқ раҳбари Дональд Трампнинг “махфий тинчлик режаси” маълум бўлди. Унга кўра, Украина Қрим ва Донбассни Россияга бериш орқали низони тўхтатиш мумкин. Трампнинг айтишича, ҳар икки томон ҳам тинчликка эришишни хоҳлайди. Бу ҳақда “The Washington Post” ўз манбааларига таяниб хабар берган.

Россиянинг қатор вилоятлари сув остида қолмоқда. 8 апрель куни Оренбург яқинидаги Урал дарёсининг сатҳи 872 сантиметрга етган. Ҳудудда 786 киши, жумладан, 35 нафар бола кўчирилган. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти маълумот берди. 1,5 мингдан кўпроқ уй сув остида қолган. “ТАСС” хабарига кўра, сув тошқинининг энг хавфли нуқтаси 10 апрелга тўғри келиши ва 20 апрелга келиб вазият барқарорлашиши мумкин. Орскда тошқин сабаб нефтни қайта ишлаш заводи ёпилди.

Сув тошқини сабаб қўшни Қозоғистоннинг ўнта вилояти Абай, Ақмола, Оқтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитауда маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев республикадаги сув тошқинлари туфайли юзага келган мураккаб вазият муносабати билан ўз мурожаатида маълум қилди.

– Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Эҳтимол, бу сўнгги 80 йил ичида кўлами ва оқибатлари бўйича энг катта офатдир, – деди Тоқаев.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, сув тошқини бошланганидан бери 3171 та хусусий турар-жой биноси ва 179 та ҳовли сув остида қолмоқда. 46 минг 755 киши, жумладан, 14 минг 589 нафар болалар қутқарилган ва эвакуация қилинган. 60 минг бош қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари тошқиндан ҳайдаб чиқарилган, 6 мингга яқин турли хилдаги жониворлар нобуд бўлган.

Тоқаев барча жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатилишини, барча моддий йўқотишлар қопланишини таъкидлади.

Сардорбек Поёнов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.