Инсоният учун маданий бойликка айланган манбалар — аждодларимизнинг асарлари нафақат юртимизда, балки жаҳоннинг турли қитъаларида мавжуд.

Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлари маънавий ёдгорликларимизнинг умумбашарий ўрнини янада теран англаш имконини яратмоқда.

Илмий изланишлар ва тадқиқотлардан маълумки, маданий бойликларимиз бир неча юз йилликлар мобайнида ер шарининг барча қитъаси – Америка, Африка, Европа, Осиё ва Австралиягача тарқалган ва сақлаб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу мерос инсониятнинг маданий бойликлари сифатида жаҳоннинг 45 дан ортиқ мамлакатида турли илмий муассаса, музей, архив, кутубхона, жамғарма ва хусусий жамламаларда мавжуд.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев доимий равишда аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, уни биринчи навбатда халқимизга, шунингдек, жаҳон аҳлига етказиш масалаларига юксак эътибор қаратмоқда.

Юртбошимизнинг бу борада олимлар олдига қўйган вазифалари ижроси сифатида аждодларимизнинг хориждаги ёзма меросини жамлаган «Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри» китобининг 2-3-томлари чоп этилди.

Мазкур китобнинг биринчи томи 2021 йилда чоп этилган эди. Асарлар жами 3 том бўлиб, 150дан ортиқ аллома ва мутафаккирларнинг 3159 та қўлёзма асари нусхасининг илмий тавсифидан иборат.

Унга, шунингдек, диёримизда яшаган таржимон, кўчирувчилар, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига тааллуқли қўлёзмалар нусхасига оид маълумотлар киритилган.

Ушбу илмий тадқиқот иши «Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини яратиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш» лойиҳаси доирасида тайёрланди. Ундаги маълумотлар ўзбек, инглиз ва рус тилида тақдим қилинган.

Биринчи том 30 та мамлакатдаги 52 та шаҳарнинг 97 та ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва бошқа кўплаб буюк мутафаккирларга оид қўлёзма асарларнинг 1001 та нусхаси илмий тавсифидан иборат.

Иккинчи томда Австрия, Буюк Британия, Шимолий Ирландия, Германия, Италия, Россия, Туркия ва Эрон Ислом республикасидаги 37 та шаҳарнинг 58 та ташкилоти ва фондларида сақланаётган улуғ аждодларимиз асарларининг 1019 та қўлёзма нусхаси тавсифи берилган.

Учинчи томда Афғонистон, Буюк Британия, Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, Германия, Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардаги 162 та кутубхона ва фондларда сақланаётган мутафаккирларимизга оид асарлар қўлёзмаси қамраб олинган ва унда 1139 та нусхасининг илмий тавсифи берилган.

Учинчи томдаги илмий тавсифларда энг кўп Имом ат-Термизий қаламига мансуб – 133 та, Алишер Навоийнинг 132 та, Абу Али ибн Синонинг 121 та ва ал-Ҳаким ат-Термизийнинг 113 та қўлёзма нусхаси қамраб олинган.

Бундан ташқари, уч томнинг барчасида Амир Темур ва Темурийлар даврига оид асарлар ўрин олган.

Бугунги кунга қадар Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиши натижасида 11000 дан зиёд маълумотлар тўпланган. Уларнинг тахминан 55 фоизини қўлёзма асарлар ташкил этмоқда.

Мазкур нашрлар хориждаги турдош илмий-маданий муассасалар ҳамда республикамиздаги барча кутубхона, олий ўқув юртлари, халқаро илмий тадқиқот марказлари ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби ташкилотларга беғараз тақдим этилди.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА