Баъзан ижтимоий тармоқларда айрим фуқаролар қимматбаҳо металл ва тошларни ноқонуний қазиб олаётгани ёхуд бу жараёнда қандайдир талафотга дуч келгани каби ахборотларга кўзимиз тушади. Бу ҳаракатлар ер ва ер ости бойликларининг талон-торож бўлишига олиб келади. Эндиликда бу каби ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида ер ва ер ости бойликларини асраб қолиш ва муҳофаза қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ер ва ер ости бойликларини асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш борасидаги тизимли ишларга қарамасдан бугунги кунда фуқаролар томонидан ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда қимматбаҳо металл ва тошларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари учраб турибди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш ҳаракатлари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам такроран содир этилганлик ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, профилактика инспекторларига табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, ер бериш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни аниқлаш ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий баённомалар расмийлаштириш ваколати берилмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ва ер ости бойликларини асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлашга, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасига хизмат қилади.

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди ва қўллаб-қувватланди.

 

М.Комилова, ЎзА