Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун устувор равишда ёшларга ижарага берилади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи қуйидаги янги тизим жорий этилади:

а)  бир ой муддатда 60 минг гектар ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали «маҳалла еттилиги»нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар ўртасида ўтказилади. Бунда:

ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

закалат пули базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланади;

б)  талабгорларга:

сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга суғориладиган экин майдонлари;

боғдорчилик-узумчилик йўналишлари учун кўп йиллик дарахтзорлар ёки самарасиз боғлар ер майдонлари;

доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинларини етиштиришга мўлжалланган, лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонлари 30 йил муддатгача кичик лотларда «бир массив – бир маҳсулот» тамойили асосида ижарага берилади.

Бунда, электрон онлайн аукцион савдоларида 1 нафар талабгор иштирок этган тақдирда, истисно тариқасида, аукцион ўтказилган ҳисобланади ҳамда ушбу имтиёзли шартлар асосида ўтказиладиган аукцион савдоларида ёшларга ер майдонини фақат бир маротаба ижарага олишга рухсат берилади;

в) талабгорларга ажратиладиган ер майдонлари ўлчамлари «маҳалла еттилиги» таклифига кўра аниқланади. Бунда:

«маҳалла еттилиги» томонидан талабгорларга «E-auksion» электрон савдо платформасига жойлаштириладиган ер майдонлари бўйича кичик лотларни мажбурий бириктиришга йўл қўйилмайди;

ишни яхши ташкил қиладиган тадбиркорлар, маҳсулотни қайта ишловчи ёки экспорт қилувчиларга «Ёшлар дафтари»даги бир нечта ёшларнинг бандлигини таъминлаш мажбурияти билан яхлит контурдаги ер майдонларини беришга рухсат берилади;

г) ер майдонларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага олган ёшлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар сақлаб қолинади;

д) талабгорлар томонидан ер майдонларида етиштириладиган экин турлари ва улар миқдорининг доимий мониторинги Ёшлар ишлари агентлигининг «Ёш фермерлар» платформаси орқали амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, бир ой муддатда «Ёш фермерлар» платформаси ишга туширилади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизими билан интеграция қилинади.

Мазкур қарорга мувофиқ ижарага бериладиган ер майдонларида турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатьиян ман этилади.

Ёшларга ажратиладиган ер майдонлари учун мини-техника, уруғ ва кўчат харид қилишга 2024 йилда Ёшлар ишлари агентлиги «Ёшлар дафтари» жамғармасидан 50 миллиард сўмгача, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 60 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.

ЎзА