Ўзбекистон Республикаси Президенти “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Унга мувофиқ, «Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги» давлат корхонаси негизида давлат муассасаси шаклида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўлими ташкил этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Польша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари штат жадвалига қўшимча равишда 1 та штат бирлигидан иборат меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий қилинади.

2024 йил 1 июндан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  1. «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун-базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;

йўл чиптасини харид қилиш билан боғиқ харажатларини қоплаш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда компенсация тўланади;

в) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта эллик минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади;

г) хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

2024 йил 1 сентябрга қадар:

меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган СаLL-марказ фаолияти ташкил этилади ҳамда ягона телефон рақамининг узлуксиз ишлаши таъминланади;

чет элдан чиқувчи абонентлар учун СаLL-марказ рақамига қўнғироқларни бепул асосда амалга ошириш имкони яратилади.

2025 йил 1 июлга қадар:

Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва давлат ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи ягона идоралараро ва тўлиқ интеграция қилинган электрон маълумотлар базаси;

меҳнат мигрантлари учун бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобиль илова яратилади.

2024 йил 1 июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оилааъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Президент фармони билан 2024-2025 йилларда миграция соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;

2024-2026 йилларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни тайёрлаш ва чет элга ташкиллаштирилган тартибда юборишнинг хорижий давлатлар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари «йўл харитаси» ва мақсадли кўрсаткичларда назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг сифатли ҳамда ўз вакқтида амалга оширилишини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.

ЎзА