Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пакнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда Telegram монетизацияси йўлга қўйилишининг қонунийлиги ўрганилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, агар қонунбузилиш ҳолати кузатилса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилади. Бунда қандайдир провайдер бўлса ёки кимдир уларга бу борада ёрдам берса, қонун бўйича жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, агентлик раҳбари ўринбосари Ўзбекистонда Telegram офисининг очилиши регуляторга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун бузилиш ҳолатларида жазолаш имконини беришини таъкидлади.

«Telegram Ўзбекистон қонунчилигига, жумладан, қонунларимиз ва чекловларимизга риоя қилиши, солиқ тўлаши ва мамлакатда серверларга эга бўлиши керак. Бу фуқароларимизни ҳимоя қилади ва Ўзбекистон иқтисодиёти учун ишлайди», – деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram канал эгалари учун монетизацияни ишга туширгани хабар берилганди.

Энди 1000 дан ортиқ обуначига эга оммавий каналлар эгалари ўз каналларида намойиш этилган рекламалардан тушган даромаднинг 50 фоизини олишлари мумкин.

Тўлов фақат рақамли криптовалюта – TONда амалга оширилади. Канал созламаларида статистикани кузатиш мумкин. Янги турдаги реклама пайдо бўлади, уни жойлаштириш учун TON тўланади.

Монетизация дастури Россия, Украина, Фаластин, Германия ва Исроилда ҳозирча ишламайди.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА