Пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилаётган Тасвирий ва амалий санъат фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуридинов йил давомида мамлакатимиз маданий ҳаётидаги энг йирик ушбу лойиҳани юқори савияда ўтказиш учун катта ва жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилганини таъкидлади.

Бу йил ҳам мазкур фестивални баланд руҳда ўтказишга катта аҳамият қаратилмоқда.

– Кўпроқ ёшлар ижодини намойиш этишга ҳаракат қиламиз, – деди Акмал Нуридинов. – Фестиваль Камолиддин Беҳзод ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланади. Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондан йигирмага яқин рассом келади. Шу билан бирга ТУРКСОЙ давлатлари ижодкорларининг бадиий кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.

Фестивалда ёшлар ижодига кенг ўрин берилади. Шу билан бирга Жанубий Кореянинг Кемёнг университети талабалари, Франция элчихонаси билан бирга француз рассомларининг «Унсиз дунё» комикслар кўргазмаси ўтказилади. Бу йилги фестиваль ранг-баранг кўргазмалар, маҳорат дарслари, тақдимотларга бой бўлади.

15 апрелдан бошланиб бир ҳафта давом этадиган ушбу лойиҳа давомида кўргазмалар, тақдимотлар, модалар намойиши, маҳорат дарсларига кенг ўрин берилади. Шу билан бирга хорижлик иштирокчиларнинг Самарқандга саёҳат қилиши кўзда тутилган.

– Ушбу фестиваль ёшларга бағишланади, – деди Акмал Нуридинов. – Айни пайтда биз Ўзбекистонгагина хос жиҳатларни чет эллик меҳмонларга кўрсатмоқчимиз. Шунингдек, мазкур фестиваль Бадиий академия ва унинг фаолияти, бугунги тасвирий санъатимизни намойиш этишда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур фестиваль мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

 

Н.Усмонова, Алимурод Мамадаминов (суратлар) , ЎзА