Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро судининг 2011 йил 22 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Д.К.нинг фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзандларининг таъминоти учун, улар вояга етгунига қадар қарздор Р.М.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган эди.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим томонидан ижро ҳаракатига киришилган. Жумладан, бўлим давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 421-моддасига асосан, қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига нисбатан 2024 йили 21 февраль куни чеклов ўрнатилган.
Қарздор жорий йилнинг март ойида Бюронинг Тўрткўл туман бўлимига келиб, чет элга чиқишга зарурати борлигини билдирган. Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга унга нисбатан ўрнатилган чекловларни бекор қилиш асослари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Қарздор ота ўзи томонидан фарзандлари вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган 47 миллион сўмдан ортиқ алимент пулини олдиндан тўлади. Шу муносабат билан, ота томонидан суд қарори талаби бажарилганлиги инобатга олиниб, унинг чет элга чиқиш ҳуқуқига нисбатан ўрнатилган чеклов 2024 йил 2 апрель куни бекор қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири