Футболчиларимиз орасида кучли бешлик чемпионатларида энг яхши ўйин кўрсатаётган Элдор Шомуродов Италия А Серияси 31-туридан ўрин олган «Кальяри» — «Аталанта» баҳсида асосий таркибда майдонга тушди.
Учрашувни «Аталанта» шиддатли ҳужумлар билан бошлади ва бунинг натижасида Жанлука Скамакка ҳисобни очди. Бироқ учрашувнинг 41-дақиқасида ҳужумга ўтган Элдор Шомуродов рақибнинг уч ҳимоячи тўсиғини ёриб ўтиб, жамоадоши Томмазо Аужеллога ажойиб тўп узатди ва у ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда ўйин тизгинини ўз қўлига олган «Кальяри» жамоаси 88-дақиқада олдинга чиқиб олди. Бу голга Николос Виола муаллифлик қилди.
Мазкур учрашув якунидан сўнг «Кальяри» клуби бош мураббийи Клаудио Ранери Элдор Шомуродов ва ўйин ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
«Элдор яна бир бор зўр ўйнади. Лападула машғулотларда кўнгилдагидек ҳаракат қила олмади ва шунинг учун уни бу гал майдонга туширмадим. Менга бир бирига ёрдам берадиган ўйинчилар керак. Шомуродов чаққон, тез югура оладиган футболчи. Бугун шогирдларимнинг барчасига балли».
Албатта, Элдор Шомуродов ҳозирда яна ўз даражасида ўйнай бошлади ва яна барчанинг эътиборини тортишни бошлади. Умид қиламизки, маҳоратли футболчимизнинг юлдузли онлари янада узоқ давом этади.
Ёш бўлсада, мутахассислар томонида юқори баҳоланаётган Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг 22-туридан ўрин олган «ЦСКА» — «Факел» клублари баҳсида ўзини навбатдаги голига муаллифлик қилди.
«ЦСКА»нинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинни асосий таркибда бошлаган Аббосбек Файзуллаев 75-дақиқада гол киритди. Учрашувда ажойиб ўйин кўрсатган Аббосбек Файзуллаев, Владимир Федотов, дарвозабон — Игор Акинфеев «Russia Time» компаниясининг соатлари билан тақдирланди.
Дарвоқе, «ЦСКА» ушбу натижаси, мамлакат чемпионатлари тарихида 100-йирик ҳисобдаги ғалабасидир. Шунингдек, Аббосбек Файзуллаев статистикага ихтисослашган «Whoscored» портали томонидан баҳсдаги ҳаракатлари 7,7 баллга баҳоланди.
Қозоғистоннинг амалдаги чемпиони «Ордабаси» бу йилги мавсумда юқори савияда ўйин намойиш эта олмаяпти. Бироқ, жамоага ўзбек легионерлари – Жасурбек Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаровнинг ёрқин ўйинлари анча наф келтирмоқда. Премьер-лиганинг тўртинчи турида «Ордабаси» сафарда «Турон» жамоасини мағлуб этди. Учрашувда Жасур Яхшибоев жамоадошининг жарима нуқтасидан узатган тўпини боши билан «Турон» дарвозасини аниқ нишонга олди. Ушбу гол эвазига меҳмонлар 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан ўз уйларига қайтди.
Жасурбек Яхшибоевнинг ушбу голидан сўнг лига тўпурарлари пойгасига қўшилди. Айни пайтда легионеримиз тўпурарлар баҳсида учтадан гол киритган Евгений Берёзкин («Қизилжар») ва Идрис Умаев («Актобе») билан бирга карвонбошига айланган. Шунингдек, «Ордабаси»даги яна бир футболчимиз – Шаҳбоз Умаров тўртта учрашувда биттадан гол ва «ассист» муаллифи бўлди.
Мазкур Премьер-лигада тўртта турда саккиз очко тўплаган «Қайрат» жадвалнинг энг юқори ўрнида турибди.
Биз бежизга ушбу жамоага урғу бермадик. «Қайрат» клубида шу кунларда ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошев тўп тепмоқда. И.Йўлдошев мазкур лигада жамоа таркибида қариб барча ўйинда майдонга тушмоқда ҳамда аста-секин клубнинг асосий футболчилари қаторидан жой олаётир.
Қозоғистон Премьер-лигада тўп тепаётган тўртинчи легионеримиз Шоҳназар Норбековдир. Унинг ҳозирча ўйини очилмаяпти. Унинг устига «Қайсар» жамоаси ҳали бирорта очко тўплай олмади. Умид қиламизки, Шоҳназар ўз ўйинини топади ва жамоасининг ёрқин ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшади.
Легионерларимиз ҳақида, гап борар экан албатта Эрон чемпионатида фаолият олиб бораётган Остон Ўрунов ҳақида тўхталиб ўтмасак бўлмайди.
Остон Эрон чемпионати 22-туридан ўрин олган «Гоҳар» — «Персополис» баҳсидаги ягона голга 28-дақиқада муаллифлик қилди. Унинг ушбу голи чемпионатнинг энг гўзал голларидан бири бўлади дея оламиз. Ушбу ғалабадан сўнг теҳронликлар очколари сонини 46 тага етказиб олди.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг навбатдаги йиғини боис Суперлиганинг 5-тур учрашуви қолдирилганидан фойдаланиб, «Пахтакор» ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида «Олимпик» билан назорат беллашувида майдонга тушди ва 3:0 ҳисобида ўйин масаласини ҳал қилди.
Яна бир назорат ўйини «Металлург« ҳамда »Навбаҳор» жамоалари ўртасида ўтди. Унда «Навбаҳор» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шарҳимиз сўнггида ўзининг кескин ва муросасиз ўйинлари билан ажралиб турувчи Европа қитъасидаги ўйинлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Туркия Суперкубоги доирасида «Галатасарой» — «Фенербахче» учрашувида кутилмаган ҳолат юз берди. Баҳснинг 1-дақиқасида гол ўтказиб юборган «Фенербахче» футболчилари 3-дақиқада бутун жамоа бўлиб майдондан чиқиб кетди.
Клубнинг ушбу хатти-ҳаракатлари «Трабзонспор»га қарши ўйиндан кейин мезбон жамоа мухлисларининг майдонга тушиб, «Фенербахче» футболчиларига ташлангани учун бойкот тариқасида амалга оширилди.
Шу тариқа, Окан Бурук шогирдлари кубокни қўлга киритди.
Англия Премьер-лигасининг 32-туридан ўрин олган «Манчестер Юнайтед — «Ливерпул» баҳси 2:2 ҳисобида якунланди.
Бу натижадан сўнг, мусобақа жадвалида «Арсенал» тўплар фарқига кўра пешқадамга айланди. Артета шогирдлари ҳисобида 71 очко мавжуд. «Ливерпул» ҳам шунча очко билан 2-ўринни банд этиб турибди. 3-поғонадаги «Манчестер Сити» 70 очко жамғарган ҳолда бормоқда.
Бундан ташқари, тўпурарлик учун кураш ҳам муросасиз ўтмоқда. Лигада 19 та гол урган Холанд пешқадам бўлсада, 18 та гол билан Уоткинс уни таъқиб қилмоқда. Шунингдек, 3-ўриндаги Салоҳда 17 та гол бор. Кўриниб турибдики, тўпурарлик учун кураш ҳам сўнгги турларгача қизғин давом этади.
Шу ўринда Муҳаммад Салоҳ Премьер-лиганинг кетма-кет 4 ўйинида «Олд Траффорд»да гол урган биринчи меҳмон футболчи бўлди.
Испания кубоги финалида «Атлетик» ва «Малёрка» клублари бош соврин учун ўзаро рақобатлашди. 120 дақиқа давом этган ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди ва ғолиблар пенальтилар сериясида аниқланди. Унда «Атлетик» 4:2 ҳисоби ғалаба қозонди.
Маълумот учун, «Атлетик» ўз тарихида 25-бор мамлакат кубоги соҳиби бўлган. Испания кубогини энг кўп «Барселона» қўлга киритган. Каталония клубида жами 31 та мазкур кубок бор.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА