Наманган вилояти Давлатобод туманидаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази гимнастика залида трамполин спорт турининг акробатика йўлакчасида сакраш йўналиши бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 80 нафар спортчи иштирокидаги баҳслар қизғин курашлар остида ўтди.
Тўрт кун давом этган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 13-14 ёшли ўғил болалар ўртасида Наманган вилояти вакили Шердор Шодиев энг юқори натижани кўрсатди. 15-16 ёшдагилар орасида фарғоналик Муҳаммадсолиҳ Набиевга тенг келадиган рақиб топилмади.
17 ёшдан юқори бўлган ёшлар ўртасидаги беллашувларда Фарғона вилоятининг яна бир вакили Муҳаммадзиё Абубакиров ғалаба қозонди. 13-14 ёшдаги ўсмирлар иштирокидаги жамоавий акробатик сакрашда Наманган вилояти жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Фарғона ва Хоразм вилоятлари жамоалари иккинчи, учинчи ўринларга муносиб кўрилди.
15-16 ёшдаги жамоавий акробатик сакрашда ҳам мезбонлар биринчиликни беришмади. Қува спорт мактаби жамоаси иккинчи, Фарғона вилояти вакиллари учинчи ўринларни эгаллади. 13-14 ёшдаги қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиси Фарида Аманбаева зафар нашидасини сурди.
15-16 ёшли қизлар баҳсида Фарғона вилояти жамоаси аъзоси Кумушбиби Сафарова энг яхши натижани қайд этди. 17 ёшдан катта аёл-қизлар иштирокидаги рақобатда яна бир фарғоналик спортчи Гулсанам Йўлдошева барча рақибларидан устун келди. 13-14 ёшдаги қизлар иштирокидаги жамоавий акробатик сакраш беллашувларида Фарғона вилояти жамоаси ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори чўққисига кўтарилди. Қорақалпоғистон Республикаси трамполинчилари иккинчи ўринга сазовор бўлишди. Хоразм вилояти вакиллари учинчи ўринни қўлга киритди.
15-16 ёшдаги қизлар ўртасидаги жамоавий акробатик сакрашда фарғоналик спортчиларга маҳорат бобида ҳеч ким бас келолмади. Хоразм вилояти ҳамда Фарғонанинг Қува спорт мактаби жамоалари ҳам совриндорлар қаторидан жой олди.
Мамлакат чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари мусобақа ташкилотчилари томонидан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири