Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, унинг филиаллари ҳамда илмий тадқиқотлар институти учун 2024/2025 ўқув йилида қабул 3 та бакалавриат ва 7 та магистратура мутахассисликлари бўйича амалга оширилиши кутилмоқда.

Хўш, мазкур жараёнлар қай тартибда амалга оширилади? Унинг шаффофлигини таъминлаш, адолатли ўтишига эришишда қайси омилларга эътибор қаратилади?

Спорт вазири Адҳам Икромов раислигида ўтган жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда илмий фаолиятини ривожлантиришга бағишланган Спорт вазирлиги Кузатув кенгашининг йиғилишида мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида спорт тизимидаги таълим даргоҳлари фаолиятига замонавий таълим технологияларни жорий этиш орқали босқичма-босқич уларнинг бошқарув тизимини соддалаштириш лозимлиги таъкидланди.

Таълим муассасаларида абитуриентларнинг қабул жараёнларини адолатли, шаффоф ўтказиш, бу борада 2024/2025 ўқув йили учун ишлаб чиқилган касбий имтиҳон мезонларини тегишли спорт федерациялари мутахассисларини жалб қилган ҳолда қайта кўриб чиқиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юкланди.

Муҳокамалар якунида ҳар бир йўналиш бўйича қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар белгилаб олинди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА