Ўзбекистон Бош прокурорининг Россияга ташрифи самарали бўлмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги прокуратура органлари делегациясининг Россия Федерациясига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
Россия Федерацияси Бош прокурори И.Красновнинг таклифига биноан ташкил этилган ташриф доирасида Н.Йўлдошев қатор самарали учрашувларни амалга оширди.
Ташрифнинг илк кунида Россия Федерацияси Бош прокурори И.Краснов билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Бош прокуратуралари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.

Бош прокуратура ахборот хизматидан маълум қилишларича, ташриф доирасида бошқа учрашувлар ҳам ўтказилди.
Н.Йўлдошев Россия Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Москва Мэрияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида Россия томони ўзбекистонлик ҳамкасбларини Москва шаҳри мисолида “Хавфсиз шаҳар” тизими билан таништирди.

Шунингдек, Бош прокуратура делегацияси Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг кибержиноятларга қарши курашиш борасидаги фаолияти билан танишди.
Бундан ташқари, Бош прокурор Н.Йўлдошев ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси А.Бастрикин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Бош прокурор Россия томонини Ўзбекистон прокуратура органларида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва ушбу йўналишда терговчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан таништирди.
Томонлар кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро алоқаларни кенгайтириш зарурати таъкидланди.
Томонлар келгуси йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзолашга келишиб олди.
Ўзбекистон Бош прокурори Н.Йўлдошев Россия Молиявий мониторинг федерал хизмати директори Ю.Чиханчин билан ҳам учрашув ўтказди.
Томонлар яширин иқтисодиёт, молиявий жиноятлар ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ҳаракатлар бўйича фикр алмашди.
Ўз навбатида, Бош прокурор россиялик ҳамкасбларни Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида, хусусан, ҳалол тадбиркорлик тизимини ҳимоя қилиш, даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштириш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш механизмларини самарали назорат қилиниши ҳақида маълумот бериб ўтди.
Тадбир конструктив мулоқот ва ўзаро англашув руҳида ўтиб, томонлар иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш соҳасида идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА