Бугунги куннинг жиддий глобал муаммосига айланган одам савдоси оқибатида ҳар йили дунё бўйлаб жабрланаётганларнинг аянчли қисмати, ҳамюртларимизни алдов йўли билан хорижга сотиб юбориш ҳолатларига қарши самарали ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу масала бўйича кўплаб тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай, одамлар ҳануз фирибгарларга алданиб қолаётганлиги ачинарли ҳолат. Унинг олдини олиш учун эса фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида одам савдосига қарши кураш ва унинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбири ўтказилди.

Республика “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари сўзга чиқиб, одам савдосига қарши кураш масаласи бўйича қонунчилигимиздаги ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига тўхталди.

Одам савдоси жиноятидан жабрланаётганларнинг неча фоизини аёл ва болалар ташкил этиши, ҳар йили тахминан қанча одам ушбу савдонинг қурбонига айланиб қолаётганлиги бўйича статистик маълумотлар тақдим этилди.

Талаба-ёшларга ҳар доим огоҳ бўлишлик, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўғри англаган ҳолда ҳуқуқий билимларини янада орттириб бориш зарурлиги уқтирилди.

 

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири