Жаҳон спортининг барча жабҳаларини хусусан, бизнес, ахборот, ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, саёҳат ва бошқа тизимларини бирлаштирувчи ҳамда спортнинг халқаро мавқеини намоён қилиб келаётган SportAccord-2024 кўргазмасидан миллий қадриятларимизнинг муҳим бўғини бўлган кураш спорти ҳам жой олди.
Бу ҳақда Халқаро кураш ассоциацияси хабар берди.
Жорий йилнинг 7-11 апрель кунлари Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрида ўтадиган SportAccord-2024 кўргазмасига бағишланган глобал спорт тадбирида инновацион ташаббуслар, замонавий спортнинг янги моделлари ва таклифлари муҳокама қилиниши белгиланган.
Дунё спортининг етакчилари, нуфузли давлат ва жамоат вакиллари иштирок этиши кутилаётган йилнинг энг нуфузли глобал спорт учрашувида илғор технологиялардан фойдаланиш ҳамда тадбирлар ва саёҳатларни оптималлаштириш каби муҳим мавзуларда ўтказиладиган семинарлар жараёнида миллий спортимиз курашнинг кўргазмаси бўлиб ўтади.
Шу кунларда қадимийликдан замонавийлик мақомига кўтарилган курашнинг тарихи, ривожланиши ва замонавий ютуқларини акс эттирувчи тадбирларни юқори даражада ўтказиш борасида Халқаро кураш ассоциацияси мутахассислари томонидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА