НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинадаги ҳарбий ҳаракат, Киевга қурол етказиб бериш НАТО хавфсизлиги учун кераклиги, Альянс мамлакатлари хавфсизлиги учун инвестиция экани хусусида гапирди.
“Украинани қўллаб-қувватлаш хайрия эмас, НАТО мамлакатлари учун инвестиция”, – деди у.
***
Индонезия Фаластиннинг БМТга тўлоқонли аъзолик тўғрисидаги аризасини қўллаб-қувватлайди ва бошқа мамлакатларни ҳам шундай қилишга чақиради, дейилган ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.
– Жакарта “нафақат Фаластининг БМТга аъзолик бўйича аризасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, балки кўпчилик мамлакатлардан ҳам шундай қилиш”ни сўрайди, – дея келтирган ушбу баёнотни “The Jakarta Post” газетаси.
***
Швейцария федерал кенгаши (ҳукумат) Женевада НАТО офиси очилишига розилик берди. Мазкур идора халқаро ташкилотлар алоқалари билан шуғулланади, деди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Пьер Ален Эльчингер ТАСС мухбирига.
Берн ушбу идорани “Шимолий Атлантика альянси ва расмий Швейцария ўртасидаги икки томонлама офис, деб ҳисобламайди, балки НАТОнинг Женевада жойлашган халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар билан алоқа офиси” сифатида кўради деди у. Альянснинг Нью-Йорк ва Венада ҳам шундай офиси борлиги ҳам таъкидланган хабарда.
***
600 дан зиёд британиялик юрист “Буюк Британиянинг Исроилга қурол етказиб бериши халқаро ҳуқуқни бузади”, дея баёнот берди. Ҳуқуқий хулосаси билан ёзилган 17 саҳифали мактуб Бирлашган Қироллиқ Бош вазири Риши Сунак номига жўнатилган. “The Guardian” газетаси ёзишича, мактубда Ғазода юзага келган ҳозирги вазият ўта ҳалокатли экани таъкидланган.
Муаллифлар Британия ҳукумати Исроилга қурол сотишни тақиқлаши керак, деб ҳисоблайди.
***
АҚШ Фаластин давлати халқаро миқёсда тан олинишига БМТ тузилмалари орқали эмас, балки манфаатдор томонларнинг тўғридан-тўғри музокараси орқали эришилишини қўллаб-қувватлайди, деди Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер.
***
ЖАР Миллий ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) спикери Носививе Маписа-Нкакула коррупцияда айблангандан кейин истеъфо берди, деб хабар тарқатди “News24” янгиликлар портали.
У ўзини жиноий таъқибдан ҳимоя қилиш мақсадида истеъфога чиқиб, айбсиз эканини таъкидламоқда.
Спикер мамлакат мудофаа вазири бўлган кезлари (2012-2021 йиллар) нақд кўринишда миллион рэнд пора олганликда айбланмоқда.
***
НАТО аъзолари Альянс келажаги ҳақида ўйлаши, дунё уруш олди даврга кирганини тан олиб, мудофаа харажатини ошириши керак, дейилади Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шэппс “The Daily Telegraph” газетасида эълон қилган муаллифлик мақоласида.
– 10 йил аввал НАТО бўйича иттифоқчилар мудофаа харажатини мамлакат ЯИМ 2 фоизигача оширишга келишиб олган эди, – деб ёзган Шэппс. – Энди мудофаамизни мустаҳкамлаш учун ушбу кўрсаткични ошириш зарур. Бинобарин, айрим мамлакатлар 2 фоиз ҳам сарфламаяпти.
***
Япония, АҚШ ва Филиппин хакерларнинг кибер ҳужумидан ҳимояланиш учун қўшма ҳимоя тизими яратишни режалаштирмоқда, деб ёзди “Nikkei” газетаси.
10 апрелда Бош вазир Фумио Кисида ва Президент Жо Байден Вашингтонда учрашув ташкил қилмоқчи. Томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ҳинд-Тинч океани минтақаси бўйича шериклар билан биргаликда ҳаракатланиш масаласини муҳокама қилади. 11 апрелда эса Япония ва АҚШ етакчилари ҳамда Филиппин Президенти кичик Фердинанд Маркос иштирокида олий даражадаги учрашув ўтказилади.
***
Болгария давлат миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда коррупцияга қарши кураш комиссияси вакиллари мамлакат божхона идорасида тинтув ўтказди. Миллий телевидение берган хабарда келтирилишича, божхона раҳбари Петя Банков ва унинг ўринбосари Людмил Маринов ҳамда яна беш киши ҳибсга олинган.
Тинтув ва ҳибсга олиш контрабанда, пул ювиш ва пора бериш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга қарши қўзғатилган жиноий иш бўйича амалга оширилган.
С.Раҳимов, ЎзА