Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Мисрнинг “Еттинчи кун” (youm7.com) нашрида “Самарқанд – Ҳамдўстлик маданий пойтахти” дастурининг тантанали очилиш маросими ёритилди.

Мақолада таъкидланидек, Самарқанддаги мавжуд 483 моддий-маданий мерос объекти, осори атиқалар ва ёдгорликлар йил-ўн икки ой бутун дунёдан сайёҳларни жалб қилиб туради.

– Ушбу йиғилишда 130 дан зиёд давлат иштирок этади, кун тартибидан халқаро инвестиция ва таълим форумлари, “Энг яхши туристик қишлоқ”ни тақдирлаш маросими, кўплаб ялпи мажлис ва маданий тадбирлар ўрин олган, – дейди нашрнинг ташқи алоқалар бўлими бошлиғи ўрибосари Рабоб Фатҳий хоним. – Қадимий Буюк Ипак йўлидаги муҳим шаҳар, XIV-XV асрларда Темурийлар салтанати пойтахти бўлган Самарқанд Осиёдаги асосий маданий ва туризм марказларидан биридир. Бу кент бой тарихи, меъморий мўъжизалари ва маданий мероси билан машҳур.

Йил давомида Самарқанд МДҲ маданият ва санъат намояндалари ижодий учрашувлари учун йирик майдонга айланади. Тадбирлар дастуридан мусиқачи ва санъаткорлар, ёзувчи ва рассомлар, олим ва спортчилар чиқиши ўрин олган. Шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар кўплаб ижодий учрашувлар, театр премьералари, мусиқий танловлар, таниқли эстрада хонандалари ва миллий қўшиқчилар ижросидаги санъат асарларидан баҳраманд бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандга МДҲ маданий пойтахти мақоми Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари кенгаши қарори билан берилган.

2010 йилдан бошлаб тақдим этиб келинаётган ушбу фахрий мақом ҳар йили МДҲ шаҳарларидан бирига берилади. Ўтган йил Санкт-Петербург Ҳамдўстлик маданий пойтахти эди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА