Янги авлод “Агни Прайм” баллистик ракетаси синови муваффақиятли ўтди, деб баёнот берди Ҳиндистон мудофаа вазирлиги. Ракета кеча Одиша штати соҳилига яқин Абдул Қалам оролидан учирилган. Парвоз радар, қуруқлик ва денгиз оптик-электрон кузатув тизими орқали назорат қилиб турилган.
Мамлакат мудофаа вазири Ражнатх Сингх ҳарбийларни ракета синови муваффақиятли кечгани билан табриклаб, “муваффақиятли ишлаб чиқарилган ва фойдаланишга топширилган ракеталар Ҳиндистон Қуролли кучлари салоҳиятини оширади”, деди.
Ҳиндистонда “Агни” русумли ракеталарнинг бир неча тури ишлаб чиқарилмоқда. Масалан, “Агни-1” парвоз масофаси 700 километрга, “Агни-2” икки минг, “Агни-3” уч минг ва “Агни-5” беш минг километрга етиб боради. Маҳаллий ОАВ ёзишича, ҳозир 10 000 километргача уча оладиган “Агни-6” ракетаси яратиляпти.