Яқинда ижтимоий тармоқларда юзга яқин фуқаро пенсия ҳисобига тушганидан сўнг бир неча дақиқа ўтиб бекор қилингани ҳақида ёзган.

Ҳолат юзасидан Пенсия жамғармаси қуйидагича маълумот берди:

«Халқ банки тизимида пенсия маблағларининг юкланиши жараёнида техник носозлик юзага келганлиги сабабли баъзи пенсионерларнинг банк карталарига кирим қилинган маблағлар бекор қилинган ҳолати юзага келган.

Мазкур ҳолат жами пенсия олувчиларнинг 3 фоизида кузатилган. Ҳозирда ушбу хатоликлар бартараф этилиб, бекор қилинган пул маблағлари банк карталарга қайтарилмоқда.

Барча пенсия олувчиларга, шу жумладан, юқоридаги муаммога дуч келган мижозларга ҳам пенсия маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5102-сонли қарорига асосан, ўзгаришсиз ойнинг 5-санасигача тушириб берилади».

Халқ банки матбуот хизматининг хабарида қайд этилишича, техник хато туфайли  банк алоқа марказига қўнғироқлар кескин кўпайиб, боғланиш қийинлашган. Ҳозирда ушбу хатоликлар бартараф этилиб, пул маблағлари банк карталарга қайтарилмоқда.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА