“АCWА PОWЕR” Ўзбекистонда яшил водород лойиҳасини бошлади (+видео)

396

Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “Ал-Арабия” халқаро янгиликлар нашрида “АCWА PОWЕR” компанияси “Нукус-2” энергия шартномасини имзолагани ёритилди. Мақолада корхона шамол энергияси ва аккумулятор сақлаш лойиҳаси учун энергия сотиб олиш бўйича шартнома имзолангани ифодаланган.

200 МВт қувватга эга лойиҳанинг қиймати 985,1 миллион риал (262,7 миллион доллар). Шартнома хусусий ва давлат сектори ҳамда Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари ўртасидаги ҳамкорлик асосида тузилган.

Келишув шарти қуриш, эгалик қилиш, фойдаланиш ва 25 йиллик шериклик охирида объектни топширишдан иборат. Таъкидланишича, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёни давом этяпти. Шу сабабли, молиявий масалалар ёпилиши пайти умумий инвестиция қийматида ўзгариш кузатилиши мумкин. “АCWА PОWЕR”нинг молиявий таъсири 2026 йил биринчи ярмидан кейин сезиларли даражада кучайиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари билан ўтган йил декабрь ойида имзоланган шартнома асосида 800 мегаваттлик қайта тикланадиган энергия манбаи ва интеграциялашган яшил водород лойиҳаси амалга оширилади.

Компания мамлакатимизда яшил водород лойиҳасининг биринчи босқичи бошланганини эълон қилди. Йилига 3000 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу лойиҳа икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда йилига 3000 тонна яшил аммиак ишлаб чиқариш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади. Иккинчи босқич якунига қадар 2,4 ГВт қувватли шамол электр станцияси орқали йилига 500 минг тонна яшил аммиак ишлаб чиқарилади.

Бу яшил водород соҳасидаги иккинчи ташаббус. Биринчиси, “NEOM” ва “Air Products” билан қўшма корхона – яшил водород заводи лойиҳасидир.

Компания республикамизда 12 та лойиҳа портфелига эга, 11 таси бутунлай қайта тикланадиган энергияга асосланган. Ўзбекистон қиймат бўйича Саудиядаги маҳаллий бозордан кейин, иккинчи йирик шерик ҳисобланади.

“АCWА PОWЕR” – энергия трансформацияси бўйича етакчи ва дунёдаги сувни тузсизлантириш соҳасидаги энг йирик хусусий компания саналади.

Муҳаррама Пирматова,

Улуғбек Тўхтаев (видео),

ЎзА