Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 20 мартида имзоланган «Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан ушбу спорт турида етакчи ҳисобланган мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Шу кунларда Таиланднинг Пхукет шаҳрида «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этадиган Жаҳон кубоги тадбирларида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, Осиё Оғир атлетика федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов бир қатор етакчи хорижий давлатларнинг спорт мутасаддилари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Жумладан, оғир атлетика бўйича дунёда ўз ўрнига эга бўлган Италия, Франция ва Жанубий Корея давлатларининг миллий федерациялари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Профессионал спортчиларни тайёрлашда халқаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, илғор хориж тажрибаларини ўзлаштириш ҳамда чет эллик малакали мутахассисларни жалб этиш, инновацион технологиялар ва илмий-таҳлилий ёндашувларни кенг жорий этишни назарда тутувчи мазкур ҳужжатлар оғир атлетика спорт тури ривожини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Т. Рўзиев, ЎзА