Ўзбекистон Республикаси Президенти “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб дастурлар доирасида кредитлар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга (асосий иш жойига эга шахслар бундан мустасно):

а) 33 миллион сўмгача, бир йилдан сўнг ушбу қарз олувчининг тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги, қарзнинг мақсадли ишлатилганлиги ҳамда заруратга қараб гуруҳ кафиллиги (камида 3 нафар фуқаро) билан қўшимча 50 млн сўмгача револьвер асосида;

б) ушбу кредитлардан томорқани ривожлантиришнинг бир нечта йўналишларида (паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва ихчам иссиқхона) фойдаланиши учун;

в) ер майдони 10 сотихдан ортиқ бўлган томорқа ер эгаларига ва ижарачиларга 50 млн сўмгача гаровсиз;

г) 10 сотихли ихчам иссиқхоналарни барпо этиш ва балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун 100 млн сўмгача гаровсиз ажратилади.

Бунда:

чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар туман (шаҳар) ветеринария бўлими томонидан идентификация қилинган (биркалаш усули) ва ҳақиқатдан етказиб берилган чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) сотиб олишга;

аҳоли томорқасида бизнесни йўлга қўйиш учун ўзларининг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик қилишни истаган аҳолига иссиқхона қуриш, чорва моллари боқиш, томорқага мавсумий экинлар экиш учун кредитлар бириктирилган банк ва ҳоким ёрдамчисининг ушбу тадбирлар амалга оширилиши борасидаги кафиллиги асосида нақд пулда берилиши мумкин.

Маҳаллага бириктирилган банк ва ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги кредитлар ҳисобига амалга оширилаётган оилавий тадбиркорлик лойиҳаларининг натижадорлиги учун тенг манфаатдор ва жавобгар бўлади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши мониторинги ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизми жорий этилади.

ЎзА