Божхона қўмитасининг капитал қурилиш бошқармаси вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси “Довуд-ота” чегара божхона постида амалга оширилаётган қайта қуриш ва модернизация қилиш ишларидаги мавжуд муаммоларни ўрганди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Республикадаги айрим чегара божхона постларининг инфратузилмалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 октябрдаги “Чегара божхона постлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасининг “Довуд-ота” чегара ўтказиш пунктини 2022-2024 йилларда қайта қуриш, модернизациялаш ва кенгайтириш ишларини амалга ошириш топшириғи берилган эди.
Ушбу қарорга асосан, мазкур чегара божхона постида 2024 йил 1 октябргача қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилишни амалга оширишга рухсат берилган ва объектнинг пудратчи ташкилоти этиб “Уй-жой қурилиш СО” масъулияти чекланган жамияти белгиланган.
Постга туташ барпо этилаётган терминал ҳудудига божхона постининг вақтинча кўчирилиб ўтказилишида назорат техник воситаларининг жойлаштирилиши тартиби, пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва автотранспорт воситалари учун ноқулайликлар келтириб чиқармаслик чоралари ўрганилди. Пост қурилишини бошлаш олдидан лойиҳада кўрсатилган айрим қурилиш материалларининг ҳудуднинг мураккаб иқлимига бардошли бўлишига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Газ ва электр таъминотининг узлуксиз етказиб берилиши, йўл ва ёритиш, йўл белгилари ва светофорларнинг ўрнатилиши билан боғлиқ масалалар ҳам инобатга олиниши айтилди.
Бошқарма биносида пост қурилишига масъул идораларнинг биринчи раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда мавжуд муаммолар ечими бўйича кўрсатмалар берилиб, белгиланган муддатларда қурилиш ишларини сифатли якунлаш чоралари келишиб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири