Хитой сеймология бошқармаси маълумотига кўра, чоршанба куни Тайвань шарқида жойлашган Хуалянь уезди соҳилида 7,3 магнитудали зилзила рўй берди. Шундан кейин оролда 4 магнитудадан зиёд куч билан яна 11 марта силкиниш кузатилди. Зилзила қурбонсиз бўлмади. “Рейтер” агентлиги орол Ёнғинга қарши кураш хизматига таяниб ёзишича, ҳодиса натижасида бир киши ҳалок бўлган, 50 дан зиёд одам жароҳат олган.

Силкиниш кучи кунчиқар мамлакат жанубигача етган. Япония метеорология агентлиги ушбу зилзила кучи 7,7 магнитудалигини қайд этди. Кейинчалик 6,6 ва 6,3 магнитудали яна икки тебраниш кузатилди. Ижтимоий тармоққа қўйилган видеороликларда ҳақиқатан Тайванда айрим бинолар зарар кўргани, бир томонга эгилиб, қисман вайрон бўлгани акс этган.

Ер силкингандан кейин Япониянинг Окинава, Мияко ва Яэяма оролларида довул хавфи эълон қилинди. Мутахассислар оқим тўлқини баландлиги 3 метрга етиши мумкин, дея тахмин қилмоқда.

Тайваннинг бир неча туманида интернет узилди, дея хабар тарқатди “NetBlocks” мониторинг хизмати. Маҳаллий “Саньли” телеканали “Taipower” электр компанияси маълумотига таяниб 87 минг уй хўжалиги электр таъминотидан мосуво бўлганини эълон қилди.

Марказий ахборот агентлиги орол сейсмологлари фарази асосида яқин 3-4 кун 6,5-7 магнитудали зилзила қайталаниши мумкинлигини ёзди.

Япония Бош вазири Фумио Кисида баёнот бериб, агар Тайвань маъмурияти мурожаат қилса, кунчиқар мамлакат оролга ёрдам беради, деди.

Хитой табиий захиралар вазирлиги зилзиладан кейинги хавф даражасини энг юқори, яъни қизил белгигача кўтарди.

Зилзила ўчоғи ҳудудидан довул кўтарилиб, бир неча туманлар, хусусан маъмурий марказ Тайбэй ҳамда Пиндун, Тайдун, Хуалянь уездларига “фожиали оқибат” келтириб чиқариши мумкинлиги айтиляпти.

Умуман, Хуалянь уездида ер ости силкиниши оролнинг бошқа ҳудудларига нисбатан кўпроқ содир бўлади. Масалан, 2018 йил февралда 6,5 мигнитудали зилзила жиддий вайронагарчилик олиб келган. Ўшанда 16 нафар инсон офат қурбонига айланиб, 285 киши жароҳат олган.

С.Раҳимов, ЎзА