Ер юзидаги энг кекса эркак – венесуэлалик Хуан Висенте Перес Мора 115 ёшга тўлишига оз қолганда вафот этди. Бу ҳақда Президент Николас Мадуро ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган.

– Хуан Висенте Перес Мора 114 ёшида фоний дунёни тарк этди, – дейди Мадуро. – Эль-Кобре шаҳри Тачира штатида туғилган бу инсон сайёрамиздаги энг кекса эркак сифатида Венесуэлага Гиннес рекордини тақдим қилган эди. Шунингдек, мамлакат етакчиси Перес Морининг 11 фарзанди, 41 набираси, 18 чевараси ва 12 эварасидан иборат катта оилага ҳамдардлик изҳор этди.

“Nacional” газетаси маълумотига кўра, марҳум тирик бўлганда май ойи охирида 115 ёшга тўларди.

Гиннес рекордлари китоби уни 2022 йил 4 февралда дунёдаги энг кекса эркак сифатида тан олган. Ўшанда у 112 ёш эди.

Оиладаги 10 фарзанднинг тўққизинчиси – Хуан бутун умри давомида қишлоқ хўжалигида машғул бўлди. Сўнгги кунлари унинг соғлиғини тиббий гуруҳ назорат қилиб турди, бироқ нафас йўлига тушган инфекция беморнинг аҳволини оғирлаштирди.

Ҳозир ер юзининг энг кекса фуқароси испаниялик Мария Браньяс Морера ҳисобланади. У яқинда 117 ёшга тўлди. Барча даврларнинг энг кекса одами, француз аёли Жанна Кальман эса 122 йил 164 кун яшаган.

Азиза Алимова, ЎзА