Сешанба куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Солиқ кодексининг 227−1-моддасига тадбиркорлар томонидан «қотил» деб ном олган ўзгартиришларни киритиш тўғрисидаги қонунни бирданига уч ўқишда қабул қилди.

227−1-модда солиқ кодексига 2022 йил март ойида киритилган ва амалга оширилган сўнгги ҳисобот чораги учун соф даромад миқдорида жарима назарда тутилган. Унда фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш бўйича чора белгиланган.

Янги таҳрирдаги Конституцияда жазолар мутаносиблиги принципи акс эттирилганини тан олиб, депутатлар жаримани 98 фоизга ёки 50 бараварга камайтиришни маъқуллади — энди бу соф даромаднинг 100 фоизидан 2 фоизигача бўлади.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши «солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни янада эркинлаштириш, солиқ ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик чораларини адолат тамойили асосида белгилаш, қоидабузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ортиқча харажатларини камайтиришга» хизмат қилади.

Энди қонун Сенат томонидан тасдиқланиши ва Президент томонидан имзоланиши керак.

М.Турдалиева, И.Исматов (видео), ЎзА