Америкада санъат вакиллари ҳам миллиардер бўлиши ҳеч гап эмас. Яқинда “Forbes” журнали ҳар йили тузиладиган миллиардерлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу таркибга бойлиги бир миллиард доллардан ошган қўшиқчи Тейлор Свифт ҳам киритилди.

– Рейтингга киритилган янги шахс, албатта, Тейлор Свифт, – деб ёзган “Forbes”. – “Eras” номли рекорд даражада йирик, беш қитъа бўйлаб амалга оширган ижодий сафаридан олинган даромад туфайли унинг мулки миллиард доллардан ошди.

Свифт ушбу дастури давомида солиқдан ташқари 190 миллион доллар фойда кўрган.

Хонанданинг бойлиги ҳозир 1,1 миллиард долларга етди. Таъкидланишича, Тейлорнинг умумий даромади ижодий сафарлари, мусиқий альбомлари ва кўчмас мулкидан жамланган. Нашр қўшимча қилишича, Свифт фақат қўшиқлари ва саҳна чиқишлари орқали миллиардер бўлган биринчи хонанда ҳисобланади.

Бой санъаткор ва спортчилар рўйхатини 5,5 миллиард доллар билан “Юлдузлар жанги” фильми муаллифи Жорж Лукас бошқармоқда. Иккинчи ўрин 4,8 миллиард долларли кино продюсери, режиссёр ва сценарийчи Стивен Спилбергга тегишли. Бакетболчи Майкл Жорданнинг давлати 3,2 миллиард доллар атрофида баҳоланган.