Хабар берганимиздек, шу кунларда Таиланднинг Пхукет шаҳрида оғир атлетика бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон кубоги мусобақалари ўтказилмоқда.
Кеча жаҳон кубогининг иккинчи кунги мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нигора Абдуллаева -55 килограмм вазнда супага чиқди.
Шиддатли ва ўзига хос курашлар оситида ўтган беллашувлар сарҳисобига кўра, Абдуллаева даст кўтаришда 83 кг, силтаб кўтаришда 105 кг, икки курашда 188 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон кубогини бешинчи ўринда якунлади.
Жорий йилнинг 11 апрелига қадар давом этадиган жаҳон кубогиининг навбатдаги баҳсида мамлакатимиз оғир атлетикачиларидан -73 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Достон Ёқубов ва Муҳаммадқодир Тоштемиров эртага 4 апрелдан баҳсларга киришади.
Шунингдек, Париж-2024 Олимпия ўйинлари рейтинг очколари ўйналадиган нуфузли мусобақада юртимиз оғир атлетикачиларидан Ригина Адашбоева (-81) ва Нигора Сувонова(-87) 9 апрелда, Сарвар Зафаржонов(-89) 6 апрелда, Акбар Жўраев(-109), Шарофиддин Амриддинов(-109) ва Турсуной Жабборова(+87) 10 апрелда ўтадиган мусобақаларда ўз омадларини синаб кўришади.
Айтиш лозим, Франция пойтахтида ўтадиган Олимпиадада дунёнинг 120 нафар оғир атлетикачиси тўрт йиллик ўйинларининг медаллари учун кураш олиб бориши белгиланган. Бу, Париж-2024 рейтингидан жой олиш спортчилар учун қанчалик машаққат эканлигини, ҳар бир вазндаги курашлар ҳаддан ташқари муросасиз бўлишини англатмоқда.
Рақамларга эътибор берсак, Токио олимпиадасида 196 нафар оғир атлетикачи қатнашган бўлса, Лондон-2012 ва Рио-2016 ўйинларида оғир атлетика учун 260 та ўрин ажратилганди. Ўтган икки олимпиададан «Париж-2024» га келиб, оғир атлетикачилар 140 нафарга қисқарганлиги Олимпиада медаллари учун курашдан аввал, унинг иштирокчиси бўлиш учун курашлар ғоятда кескин бўлишини кўрсатмоқда.
Мусобақаларда 110 та давлатнинг 466 та оғир атлетикачилари иштирок этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА