Россия Федерацияси Бош прокурори И.Краснов таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев бошчилигидаги прокуратура органлари делегацияси Россия Федерациясига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида икки давлат назорат органлари раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Конструктив мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Россия прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори прокуратура органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб, трансмиллий уюшган жиноятчиликка, жумладан, терроризмга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш заруратини таъкидлаб ўтди.

Бош прокуратура ахборот хизматидан маълум қилишларича, учрашув якунига кўра томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Бош прокуратуралари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.

Учрашув ишчан ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

Н.Абдураимова, ЎзА