Бугун пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида қатор саноат кўргазмалари ўз ишини бошлади.

Мазкур «Металлургия ва металларга ишлов бериш. Дастгоҳсозлик, Машинасозлик. Пайвандлаш», «Транспорт, логистика, махсус техника, автомобилсозлик», «Тоғ-кон саноати учун технологиялар ва ускуналар», «Хавфсизлик технологиялари, ёнғиндан ҳимоя қилиш, IT-хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш», «Кимё. Пластмасса. Лаборатория ва таҳлил» халқаро кўргазмаларида дунёнинг 18 мамлакатидан 171 компания ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Таъкидлаш керакки, «International Expo Group» кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирлар саноатнинг деярли барча соҳаларини қамраб олиб, у тоғ-кон саноати, металлга ишлов бериш, кимё, хавфсизлик, транспорт каби йўналишлар бўйича ишлаб чиқарувчиларни ўзаро мулоқотга ундамоқда. Кўргазмаларда Ўзбекистон, Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Қозоғистон, Қатар, Хитой, Латвия, Корея Республикаси, Россия, Туркия каби давлатлардан қатнашаётган ишбилармонлар нафақат ўз имкониятини танитишга, балки улар учун бу майдон ҳамкорлар топишга қулай фурсат яратди.

Тошкентдаги «СовПлим» акциядорлик жамияти вакиллари ҳам ушбу тадбир иштирокчиларидан. Ушбу корхонанинг маркетинг бўлими раҳбари Камола Акрамованинг қайд этишича, бу каби экспозиция ишлаб чиқариш равнақида муҳим аҳамият касб этиб, харидорлар излаш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишда катта фойда келтиради.

– «СовПлим» корхонасида барча енгил ва оғир саноат тармоқлари учун фильтр ва вентиляция ускуналари ишлаб чиқарилади. У юқори иссиқ ҳароратга бардош берадиган шлангларни ишлаб чиқаришда ҳам етакчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, биз экологик харажатларнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаш, саноат ҳавосини тозалаш тизимлари, аспирация тизимлари ва ишлаб чиқаришдаги ҳар қандай мураккабликдаги чанг ва тутундан тозалаш тизимларини лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бўйича фаолиятимизни олиб борамиз. Бу атмосферага зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда технологик жараёнларни оптималлаштириш ва модернизация қилишга ёрдам бериш деганидир, – деди К.Акрамова.

Маълумот ўрнида, ушбу саноат кўргазмалари 5 апрель куни ўз ишини якунлайди.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА