Ихтисослаштирилган мактабларда академиклар иштирокида дарс ўтиш амалиёти йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда Фанлар академияси академиклари иштирокида дарс ўтиш амалиёти тизими йўлга қўйилади.
Агентлик ҳузурида жамоатчилик асосида:
Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўқитувчиларидан иборат бўлган STEM фанлари бўйича фан кенгашлари;
Агентлик тизимидаги мактабларнинг битирувчиларидан иборат бўлган Битирувчилар кенгаши ташкил этилади.
Фармон билан Фан кенгашлари ва Битирувчилар кенгашининг асосий фаолият йўналишлари тасдиқланди.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
а) Фанлар академияси академиклари томонидан Агентлик тизимидаги мактабларда:
ўқувчиларнинг яратувчанлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дарслар ташкил этилади;
ўқувчиларга амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларида кўмак кўрсатилади;
ўқувчилар ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этилади ҳамда Фанлар академияси тизимидаги илмий лабораторияларда олиб борилаётган лойиҳалар билан таништирилади;
ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш мақсадида «Ёш академиклар» клублари ташкил этилади.
Ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида таълим, ахборот технологиялари, яшил энергия, экология, иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратишни назарда тутувчи «Ихтирочиликка қадам» танлови ўтказилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда тажриба-синов тариқасида «Янги Ўзбекистон» университети билан ўзаро интеграциялашган ўқувчиларни муҳандислик асосларига ўргатиш бўйича таълим дастурлари жорий қилинади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда чет тилини билиш бўйича камида В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчилар томонидан фанларни чет тилида ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.
ЎзA