Семизлик касалликми, ундан қандай қутулиш мумкин? (+видео)

422

Бугун дунё аҳолисининг аксариятини семизлик муаммоси қийнамоқда. Ортиқча вазн, яъни семизлик инсоннинг нафақат жисмоний, балки руҳий ҳолатига, яшаш тарзи ҳатто келажагига ҳам ёмон таъсир қилиши мумкин. Сабаби семизлик инсон организмида кўплаб касалликларни келтириб чиқаради.

Хўш, аслида семизлик касалликми? Унинг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш керак?  

Тошкент тиббиёт академияси доценти, тажрибали диетолог- нутрициолог Илҳом Отажонов ЎзА мухбирининг семизликнинг олдини олиш, парҳезга қандай риоя қилиш хусусидаги саволларига жавоб берди.

– Бугун тиббиётга диетолог билан бирга нутрициолог соҳаси ҳам кириб келди. Буларнинг бир-биридан фарқи нимада?  

– Нутрициолог – асосан семизликнинг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабабини ўрганиш билан шуғулланувчи мутахассис. Диетолог касалланган беморларнинг овқатланиш тартибини таҳлил қилиб, унга тўғри тавсия берувчи шифокор ҳисобланади. Ҳар иккаласида ҳам тиббиёт соҳасини битирган, бакалавр даражасига эга бўлган мутахассислар ишлайди.

Нутрициологлар янги пайдо бўлган касб ҳисобланади. Бу касб Европа давлатларида жуда кўп тарқалган. Президентимизнинг тегишли қарорига асосан юртимизда 2016 йилда Тошкент тиббиёт академияси қошида нутрициолог шифокорларни тайёрловчи факультет пайдо бўлди.

– Ижтимоий тармоқларда одамларга семизликдан қутулишнинг турли усулларини ўргатувчилар кўпайган. Улар кимлар?  

– Қўпол қилиб айтадиган бўлсам, улар ўзидан мутахассис ясаб олганлар. Одам организмида овқатланиш билан боғлиқ биологик жараёнлар бўлади. У жараёнларни билмасдан туриб ҳеч ким диетолог ёки нутрициолог бўла олмайди. Одамларга ортиқча вазндан қутулишга ёрдам бериш учун албатта, тиббиёт соҳасида ўқиган бўлиш керак.

Яна бир ҳақиқатни айтсам. Семизликдан азият чекиб қайсидир усул орқали вазн ташлаган одамлар кўпинча бошқаларга маслаҳат беришга ошиқади. Ижтимоий тармоқ орқали «Мен олдин мана бунақа ҳолатда эдим, кейинчалик мана шу озиш усулини қилганимдан сўнг шунақа ҳолатга келдим, оздим», деб тавсия беришади. Бу нотўғри.

Мисол тариқасида айтсам, мен ейдиган овқатларни сиз истеъмол қилолмаслигингиз мумкин. Ёки мен ўзимнинг парҳезимни сизга тавсия қилсам, сизда қўшимча касаллик пайдо бўлади. Масалан, бирор бир оғир ҳолатдаги касалликлар бўлса, бу парҳезни у одамга тавсия қилиш нотўғри.

– Демак, ҳар бир инсон организмига шифокор диетологлар томонидан индивидуал ёндашиш керак, тўғрими? 

– Одамлар орасида нотўғри парҳездан азият чекканлари жуда кўп. Семизликдан қийналаётган одамларга фақатгина шифокор тавсияси ва назорати остида озишни маслаҳат бераман.

Сабаби диетологнинг беморнинг организмини текширувчи, таҳлил қилувчи тиббий асбоб-ускуналари бўлади. Организмда кечаётган метаболизмни билиш учун тери остидаги ёғни ўлчовчи коллектор аппаратлар орқали текшириб, сўнг беморга хулоса беради. Текширувлардан сўнг бериладиган маслаҳат тамоман бошқача бўлади. Яъни унинг натижаси кўпроқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра одамни ўлимгача олиб келувчи 10 та касалликнинг олтитаси овқатланиш билан боғлиқ. Агар биз тўғри овқатланишга, соғлом турмуш тарзига амал қилмасак, ушбу касалликлар бизда пайдо бўлиб, кейинчалик оғир ҳолатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун соғлом овқатланиш биринчи ўринга қўйилган.

– Парҳез деганда кўпчилик овқатни кам ейиш ёки умуман емасликни тушунади. Ўзи парҳез қандай бўлиши керак?  

– Парҳез асосан индивидуал бўлиши керак. Ким қанақа парҳезда юриши учун унинг организмини билиш зарур. Биз айрим беморларга  камроқ, баъзиларга кўпроқ қувват бўладиган овқатларни ейишни тавсия қиламиз. Яъни одам организмини таҳлил қилиб, сўнг парҳез буюрамиз.

Айримлар ортиқча вазндан қутулиш учун ошқозонининг маълум бир қисмини кесиб, олдириб ташлаяпти. Мен бу муолажани тавсия қилмайман.

Инсон овқатни камроқ еб, кўп жисмоний ҳаракат қилса, организмидаги ортиқча ёғлар эриб, унга қувват беришни бошлайди. Камроқ овқат истеъмол қилиб, спорт билан шуғулланиш яхши самара беради.

Н.Раҳмонова, А. Содиқов, А. Аҳмедов (видео), ЎзА