Мамлакатимизда ўта хавфли юқумли касалликлар билан боғлиқ эпидемик вазият қандай?

430

Баҳор ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалиши мумкин бўлган мавсумнинг бошланиши ҳисобланади. Дунёнинг қатор давлатларида ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича мураккаб эпидемик вазият сақланиб қолмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши самарали тадбирлар натижасида ўлат, вабо, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларнинг республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олди олинмоқда.

– Аммо фуқароларимизнинг ушбу касалликлар тўғрисида билими етарли эмаслиги оқибатида ўтган йилларда аҳоли ўртасида қутуриш, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби касалликлар рўйхатга олинди. Ушбу касалликларнинг келиб чиқишига оддий қоидаларга риоя қилмаслик ва эътиборсизлик сабаб бўлган, – деди АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова.

Шу боис фуқароларимизга яна бир бор ушбу касалликлардан ҳимояланишнинг ишончли қоидалари ҳақида маълумот берилди.

– Қутуриш нерв системасининг зарарланиши билан кечадиган ва 100 фоиз ўлим билан тугайдиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Ушбу касалликнинг олдини олишда ҳудудларда дайди ҳайвонларнинг пайдо бўлишига йўл қуймаслик зарур. Агар хонадонингизда ит ва мушук боқадиган бўлсангиз, уларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиб қутуриш касаллигига қарши эмлатишингиз талаб этилади. Ҳайвонларнинг тишлаши натижасида олган хар қандай жароҳатларни ўзбошимчалик билан даволашга ҳаракат қилмасдан, турар жой бўйича тиббиёт муассасасига мурожаат қилган ҳолда ўрнатилган тартибга кўра керакли муолажаларни олиш зарур. Айниқса, бунда қутуришга қарши эмлаш олиш аҳамиятли.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ҳақида айтадиган бўлсам, у – каналар чақиши орқали юқадиган, ўта хавфли юқумли касаллик. Вирус ҳайвонлар ва бемор қонини сўрган канани эзиб ўлдирганда ёки шу касалликка чалинган бемор қони соғлом одам териси ва шиллиқ қаватига тушганда ҳам юқиши мумкин.

Ушбу хавфли касалликни юқтириб олмаслик учун қорамоллар танасидаги каналарни қўллар билан териб олмаслик, қўл билан эзиб ўлдирмаслик, кана қони билан терининг очиқ жойининг ифлосланишига сабаб бўлмаслик ўта муҳим қоида саналади.

Куйдирги турли хил юқиш йўлларига эга бўлган, асосан ўзига хос оғриқсиз яра, баъзида ўпка, ичак ва оғиз-томоқ шаклларида намоён бўладиган ўта хавфли юқумли касалликдир.

Куйдирги билан уй ҳайвонлари ва бир қатор ёввойи ҳайвонлар ҳам касалланади. Куйдирги касаллиги қўзғатувчиси тупроқда бўлади.

Бозорлардан гўшт ва гўшт маҳсулотлари харид қилишда албатта, ветеринария кўригидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлигига эътиборли бўлиш лозим.

Вабо касаллигини юқтириб олмаслик учун эса очиқ сув ҳавзасидан олинган ва қайнатилмаган сувни истеъмол қилмаслик керак.

Инсон ўзида ўткир диарея ҳолатини (ошқозон-ичак функциясининг бузилиши) кузатса, зудлик билан ўз ҳудудидаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши шарт.

Чет мамлакатларга сафар пайтида хар қандай истеъмол қилинаётган маҳсулотнинг тозалигига, ишончлигига ва сифати кафолатланганига эътиборли бўлиш зарур, – деди Мафтуна Саидова.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА