ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, кеча Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт билан учрашди. Икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинган мулоқот чоғида ишбилармон доиралар ўртасида яқин алоқа ўрнатиш, таълим алмашинуви, минтақавий ривожланиш кўламини янада кенгайтиришв йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу куни Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Қирғиз Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Муса Жаманбаевни ҳам қабул қилди. Томонлар ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатининг жорий ҳолатини мамнуният билан қайд этдилар. 2023 йил икки томонлама кун тартиби мазмунан анча бойигани таъкидланиб, 2024 йил муносабатларимиз янада равнақ топишига ишонч билдирилди.

Б.Саидов Кипр Республикаси ташқи ишлар вазири Константинос Комбос билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида ҳукуматлар ўртасидаги барқарор ва тобора ривожланиб бораётган алоқа ўзаро қадрланиши қайд этилди. Икки томонлама ва Европа Иттифоқи доирасидаги шерикликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

М.Пирматова,

ЎзА