Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Вазирлар Маҳкамасининг “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини амалга ошириш чора- тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарорига “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш инструментларини кенгайтириш ва улардан фойдаланиш шартларини янада соддалаштиришни назарда тутувчи қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

1. “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури ташаббускорларини танлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тўғрисидаги низомда:

а) 9-бандда:

биринчи хатбошидаги “уч кун муддатда” сўзлари “уч иш кунида” сўзлари билан алмаштирилади;

қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:

“Баҳолаш гуруҳининг ҳар бир аъзоси лойиҳаларни танлаб олиш ва тоифаларга ажратиш масалаларида уч иш кунида ўз фикр ва мулоҳазаларини бериши шарт. Гуруҳ аъзоси ушбу муддат давомида муносабат билдирмаган тақдирда, у томонидан ижобий хулоса берилган деб ҳисобланади”;

б) 13-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:

“Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунармандлар, касаначилар ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширган жисмоний шахслар молиявий инструментлардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритганда белгиланган тартибда тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим”;

в) 15-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилади:

“500,0 млн сўмгача кредит”;

тўртинчи-тўққизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи-ўнинчи хатбошилар деб ҳисобланади;

г) қуйидаги мазмундаги 15’-банд билан тўлдирилади:

“151. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 100 млн сўмгача гаровсиз кредитларнинг 50 фоиз қисми уларнинг банк картасига ўтказиб берилиши мумкин”.

ЎзА