Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида дадил қадам қўймоқда

Самарқанд шаҳрида Осиё-Тинч океани минтақасида савдони соддалаштириш масалаларига бағишланган 11-форум (APTFF) ўз ишини бошлади.
2009 йилдан бери Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) томонидан ўтказиб келинаётган мазкур форум савдони соддалаштириш йўналишида илғор тажриба ва билим алмашиш учун асосий минтақавий платформа ҳисобланади.
Бу галги анжуманда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 250 дан кўпроқ иштирокчи, жумладан, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари қатнашмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда инновацион технологиялар ва рақамлаштириш кенг жорий этилаётгани, бунинг натижасида ишлаб чиқариш ва халқаро савдо ҳажми ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, минтақада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш вазифалари ҳам долзарблигича қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, савдо, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, шунингдек, электрон маълумотлар алмашинуви орқали савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва бизнеснинг янги механизмларини ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Бу борада чегара ҳудудларида замонавий савдо ва логистика марказлари, соддалаштирилган божхона йўлаклари ва махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш энг самарали чора-тадбирлар ҳисобланади.

Барча мамлакатлар учун замонавий технологиялардан тенг фойдаланишга имкон яратиш, савдо ва юк ташиш соҳасидаги тартиботларни соддалаштириш бўйича энг самарали чора-тадбирлар кўриш, товарлар ҳаракатини тартибга солувчи жараёнларни рақамлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай сармоявий муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак натижалар бермоқда.

Ташқи бозорга чиқиш йўлидаги тўсиқларнинг бартараф этилиши, валюта бозорининг либераллаштирилиши, 7 мингдан ортиқ турдаги хомашё ва товарларга божхона тўловларининг бекор қилиниши натижасида ташқи савдо айланмаси икки баравар ошди.
Солиқ юки қарийб 2 баробар камайтирилди, солиқ маъмуриятчилиги соддалаштирилди, мамлакатда Марказий Осиёдаги энг жозибадор фискал тизим яратилди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида дадил қадам қўймоқда.
– Мамлакатимизда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида божхона операцияларининг 90 фоизидан ортиғи рақамлаштирилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитаси масъул ходими Шукурулло Мўминов. – Хусусан, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилаётган масофавий электрон декларациялаш божхона постлари ташкил этилди.

Анжуман қатнашчилари бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифлардан фойдаланган ҳолда Марказий Осиёнинг транспорт салоҳиятини ошириш, Осиё-Тинч океани минтақаси, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи бозорларига чиқиш бўйича янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Бундай шароитда транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини оптималлаштириш, халқаро ташишлар учун ягона рақамли платформа яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
5 апрелга қадар давом этадиган форум дастурига мувофиқ, рақамлаштириш ва савдони соддалаштириш, жумладан, транспорт ва қоғозсиз трансчегаравий савдо, шунингдек, савдо жараёнини экологик жиҳатидан яхшилаш масалалари бўйича гуруҳ муҳокамалари ва сессиялар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари