Қорақалпоғистон Республикасида биринчилардан бўлиб Беруний туманидаги “Реимбай Юлдашев” фермер хўжалигида чигит экиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда туманлар ҳокимлари, соҳага масъул ташкилотлар, пахта кластерлари корхоналари раҳбарлари ҳамда фермерлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А. Оринбаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Чигит экишнинг сифатли усуллари, деҳқон фермерлар эътибор қаратиши лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб, уларнинг ишларига омад тилади.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига алоҳида эътибори натижасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Айниқса, жорий йилнинг 9 февраль куни қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан янги имкониятлар ва имтиёзлар яратиб берилмоқда. Шундай имкониятлар натижасида жорий йилнинг ўзида республикага қишлоқ хўжалиги учун ўта зарур техника ҳамда агрегатлар олиб келинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар экиш мавсумини қисқа муддатда сифатли ўтказиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди. Нуронийларнинг дуоси билан дастлабки майдонларга чигит қадалди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.