Ҳозирги кунда мамлакатимизда молиявий саводхонлик даражасини оширишга қаратиладиган эътибор ошиб бормоқда. Бу ўз навбатида, иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим омили ҳисобланган фуқароларнинг ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
“Ишга марҳамат” моно-марказида O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат” моно-марказида таълим олаётган, тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун семинар-тренинг ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси, “Миллий банк”, “Микрокредитбанк” мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда сўзга чиққанлар иштирокчиларга тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар, банклар томонидан жисмоний шахслар учун берилаётган кредитлар, унинг турлари ва шартлари, керакли ҳужжатлар, “Ёшлар 1+1: молиявий саводхонлик” лойиҳаси доирасида тушунчалар берди. Шунингдек, бюджетлаштириш, тежаш, инвестиция киритиш, кредит ва қарз каби масалалар муҳокама қилинди.
– “Бизнесга қадам” янги банк картаси – бу ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 5 миллион сўмгача имтиёзли микроқарз олиш имконияти беради, – дейди тадбир иштирокчиси Меҳрибон Жақсибаева. – Жисмоний шахслар учун бериладиган ушбу кредит тури фуқаролар учун ҳақиқий имконият ҳисобланади.
Семинар иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда савол-жавоблари билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири