Халқаро шахмат федерацияси ортда қолган март ойи якунларига кўра, турли йўналишлар ва ёш тоифалари бўйича дунёнинг энг кучли шахматчиларининг янгиланган рейтингларини эълон қилди.

Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг бир қатор маҳоратли шахматчилари ФИДЕ нинг мазкур янгиланган рейтинг кўрсаткичларидан жой олди.

ФИДЕ нинг апрель ойи ҳолатидаги янгиланган энг кучли шахматчиларнинг ТОП-100 лик рейтингини Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Хикару Накамура бошқараётган бўлса, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 4-ўринда қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон шахмат мактаби вакилларидан Рустам Қосимжонов 48, Жавоҳир Синдоров 50, Нодирбек Ёқуббоев 69-поғоналардан жой олишди.

ФИДЕ эълон қилган 20 ёшгача бўлган энг кучли шахматчилар юзлигини Нодирбек Абдусатторов бошқараётган бўлса, Жавоҳир Синдоров 6, Муҳиддин Мадаминов 46-ўринда кўриниш берди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда аёллар шахматига алоҳида эътибор берилаётганлиги натижасида юртимизнинг икки нафар маҳоратли шахматчи қизи – Афрўза Ҳамдамова ва Умида Омонова халқаро рейтинг кўрсаткичларида яхши ўринларни банд қилишмоқда.

20 ёшгача бўлган шахматчи қизларнинг кучли юзлигида Афрўза Ҳамдамованинг 17-ўриндан жой олиши, аёллар ўртасидаги блиц ва рапид йўналишидаги кучлилар рўйхатида Афрўза Ҳамдамова ва Умида Омонованинг номлари келтирилганлиги юртимизда маҳоратли шахматчи қизларнинг янги авлоди етишиб келаётганлигини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ФИДЕ эълон қилган турли рейтинглардан мамлакатимиз ақл гимнастикачиларидан Муҳаммадзоҳид Суяров, Шамсиддин Воҳидов, Олмос Раҳматуллаев, Ҳумоюн Бекмуродов ўрин эгаллади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА