«Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти “Тошкент” халқаро аэропорти ҳудудида профессионал споттинг-турда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилишни бошлади. Аризалар 1 апрель 13:00 га қадар қабул қилинади. Тадбирга қизиқувчилар spotting@uzairports.com электрон манзилига анкета юбориши ва албатта паспортининг сканерини илова қилиши керак.

Тур  2024 йил 25 апрелда ўтказилиши режалаштирилган. Аризаларни саралаб олишда профессионал фото ва видео техникалари бўлган,  профессионал споттинг манбаларида материаллари эълон қилинган, илгари  авиаспоттингларда иштирок этган ва ижтимоий тармоқларда авиация мавзусида ўзининг ҳар хил сайтлари/блоглари/аккаунтларини юритаётган номзодларга устунлик берилади.

Агар ариза 2024 йил 5 апрелгача тасдиқланса, авиаспоттерга жавоб хати келади.

Споттинг сўзи инглиз тилидаги  spot сўзидан олинган бўлиб,  у “кўриш”, “таниш” деган маъноларни англатади. Авиаспоттинг самолётларни  кузатиш, кўпинча суратга олиш ва қайдларни сақлашни ўз ичига олган севимли машғулотдир.

Роман Бондарчук тайёрлади, ЎзА