Маркировкалашнинг асосий мақсади – аҳолини қалбаки дори воситаларидан ҳимоя қилиш, унинг тарқалишига қарши курашишдан иборат.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ушбу механизмнинг жорий этилиши дори воситаларини нафақат ишлаб чиқариш, балки уларнинг импортидан то охирги истеъмолчи қўлига етиб бориши ҳамда муомаладан чиқарилишигача бўлган ҳаётий циклини кузатиш ва назорат қилиш имконини беради. Тизим орқали, истеъмолчи сотиб олаётган дори воситасининг қалбаки эмаслиги, ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги «Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида» ги қарорига мувофиқ, юртимизда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг гуруҳларга бўлинишини назарга тутган ҳолда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Давлат ва хусусий шериклик асосида яратилган миллий тизим орқали эндиликда дори воситаларини маркировкалаш ва мониторинг қилиш ҳамда кузатиш имкони яратилмоқда.

Хўш, ушбу тизим истеъмолчиларга нима беради?

Бундай рақамли белгиларни қўллаш истеъмолчилар учун дори воситаси ҳақидаги барча маълумотларни олиш имконини яратади. Энди истеъмолчилар дорихонадан бирор дори воситасини харид қилишдан аввал, ишлаб чиқарувчи ва уни импорт қилган компания номи, ишлаб чиқарилган жой, реализация қилаётган шахс, стандарт рақам каби маълумотларни дори воситасининг қадоғидаги махсус кодни сканерлаш орқали билиб олишлари мумкин. Бу маълумотлар эса давлат ахборот тизимида сақланади.

Амалдаги тартибга мувофиқ, қонунчиликда дори воситалари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкаланмаган ҳолда сертификациядан ўтказишга йўл қўйилмайди.

Бир сўз билан айтганда дори воситаларини маркировкалаш  истеъмолчиларнинг қонуний товарларни сотиб олишга ишончни орттириш, инсонлар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоат назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Бизнес учун даромадларнинг ўсиши ва расмий бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш, жараёнларни оптималлаштириш ва харажатларни камайтириш, таъминот занжири бўйлаб маҳсулотларнинг ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотларга киришга имкон яратади. Давлат эса хуфиёна бозорни пасайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, солиқ ва божхона тўловларининг кўпайиши, товар бозорларини назорат қилишни таъминлаш учун бюджетни тежашдан фойда кўради.

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси ҳамкорлигида «Дори воситаларини маркировкалаш ва уларни сертификатлаштириш» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА