Адлия вазири Акбар Тошқулов БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жоффри Ижумба билан учрашди.

А.Тошқулов меҳмонларга мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва  қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга  оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.

Глобаллашув даврида иродаси бақувват, мустақил дунёқарашга эга, соғлом ҳамда ҳар тарафлама баркамол авлодни шакллантириш масалалари давлат раҳбарининг доимий  эътиборида эканлиги ва бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро тан олинган стандартлар миллий қонунчиликка жорий қилинаётгани ҳақида маълум қилинди.

Ж.Ижумба ушбу йўналишда ўтказилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолашини айтиб ўтди. ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг Адлия вазирлигининг келгусидаги фаолиятида, хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда ўз мандати доирасида яқиндан техник кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув давомида Адлия вазирлиги ва ЮНИСEФ ўртасидаги ижобий ҳамкорликни инобатга олиб ҳамда келгусида ушбу  алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида томонлар 2024 – 2025 йилларга мўлжалланган иш режасини имзолади.

Мазкур ҳужжатда болаларнинг одил судловдан фойдаланиш  стратегияси ва уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, болалар ва ёшларни замонавий ахборот технологияларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларнинг ҳуқуқий онги ва  маданиятини оширишга қаратилган бир қатор тадбирларни ўтказиш назарда тутилган.

Томонлар ушбу тадбирларнинг самарали амалга оширилиши келгусида болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий билимлари ошиши, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга замин яратишига ишонч билдирди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА