Туркиянинг Анталия шаҳри татамисида жаҳон ва Олимпия чемпионлари иштирокидаги шиддатли беллашувлар бошланди. Улар орасида мамлакатимизнинг маҳоратли дзюдочилари ҳам бор.
93 та мамлакатнинг 630 нафарга яқин маҳоратли спортчилари иштирок этаётган нуфузли мусобақа жаҳон чемпионати ва “Париж-2024” Олимпиадаси остонасида ўтаётгани спортчилар, мутахассислар, дзюдонинг дунёдаги мавқеи учун муҳим саналади. Бу галги басҳларда жаҳон ва Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари Бобонов, ака-сингил Абэ, Ринер, Стамп, Нагасе, Дегучи, Такаичи, Вагнер каби кучлиларнинг борлиги Анталия турнири ҳар қачонгидан ҳам муросасиз ўтишини англатмоқда.
Бугун, 29 март куни мусобақанинг илк кунида енгил вазн тоифасидаги дзюдочилар ўртасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Эркаклар 60 ва 66 килограммда, аёллар бўлса 48, 52, 57 килограмм оғирликда кураш олиб боришади.
Анталия татамисида кечадиган беллашувларда кичик жароҳат сабабли Диёра Келдиёрова, Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов қатнашолмаяпти. Уларнинг вазнларида Сита Қадамбоева, Эрназар Сарсенбаев ва Шоҳруххон Бахтиёров юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Бу эса нуфузли мусобақада маҳоратларини намойиш этиш учун катта имконият эшиклари очилаётганидан далолат дейиш мумкин.
Бугун ўтказиладиган беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Достон Рўзиев, Дилшод Баратов, Муҳриддин Тиловов, Сардор Нуриллаев, Сита Қадамбоева, Гулҳаё Жўраева ва Шукуржон Аминова иштирок этишади.
Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат бўлган мазкур халқаро мусобақа 31 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА