Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖнинг очиқлик сиёсати, бу йўналишда олиб борилаётган ишлар таҳлили мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумки, фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда фаолиятини илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир неча нормалар татбиқ этилган.

Белгиланган нормаларга асосан, 2022 йил якунларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланган эди.

Тадбирда таъкидланишича, акциядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотлари очиқлик фаолияти даражасини ошириш, ҳисобот ва маълумотлар базасини шакллантириб бориш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда 2023 йилги баҳолашда ижобий натижаларни қайд этиш мақсадида бошқарув раисининг тегишли буйруғи чиқарилган. Мазкур буйруқ ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш бўйича қарорлар, қонунчилик ҳужжатлари асосида “Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Очиқ маълумотлар” бўлимидаги маълумотлар қайта киритилган.

– Бугунги кунда акциядорлик жамияти фаолиятига доир очиқ маълумотлар талаб даражасида ресурсларга, яъни очиқ маълумотлар портали ва акциядорлик жамияти расмий веб-сайтига жойлаштирилади, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Хуршид Раҳматуллаев. – Жумладан, очиқлик порталимизда (https://data.egov.uz/organizat…) раҳбариятнинг қабул кунлари ва алоқа маълумотлари, ташкилот ва алоқа каналлари ҳақида,  ташкилотнинг қуйи бўғинлари, филиаллари ва ҳудудий бўлинмалари, мавжуд вакант иш жойлари, давлат харидлари тўғрисида маълумотлар, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси ва бошқа шу каби 10 та тўпламдан иборат маълумотлар белгиланган муддатларда жойлаштирилмоқда.

Шу билан бир қаторда мазкур маълумотлар ва акциядорлик жамиятига оид бир йиллик умумий ҳисоботлар, давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар, тасдиқланган иш режалар, соҳага оид қабул қилинган ёки ўз кучини йўқотган ҳужжатлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ички-идоравий ҳужжатлар ва ўтказилган ҳамда ўтказилиши режалаштирилган тендерлар ҳақидаги очиқ маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштирилиб борилмоқда. Ташкилот фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш ва белгиланган нормалар асосида эълон қилиб бориш юзасидан керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Анжуман якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Нилуфар Бозорова,

Ойбек Пардаев (сурат),

ЎзА мухбирлари